Аввали
Ҳаммасини қайтариб ўтирмайман: ўша мукофот ҳақида соз-носоз
гаплар кўпайди. Ўзимга савол бераман: эътирозлар ҳақлими? Шу, шу ва шу гаплар
ростми?.. Бўлаётган гап-сўзларга кўра, вазият шундайки: билганларнинг оғзида
талқон, биз каби билмасвойлар солди тўпалон. “Хўш, бу мукофот ҳақида нималарни
биласан ўзи?” дея ўзимга савол бердим. Кейин ушбуни ёздим...
Бошламада айтишим керак: “Олтин қалам”га ҳар йили,
асосан оила аъзоларимнинг қистови билан ҳужжат топшираман. Улар телевидениедаги
дабдабали, одамни курашларга чорлайдиган даъваткор рекламани кўришади ва, ҳеч
бўлмаса, журналистикада адолат борлигига негадир қаттиқ ишонишади. Мен эса
уларга бу мулоҳазанинг зиддини уқтира олмайман, бор гапни айтишга тилим
бормайди.
Айтганча, топшираман, дейишим хато, ҳеч қачон ўзим
бориб ҳужжат топширмаганман. Аёлим қилади бу ишларни. Материалларимни эринмай
йиғади, саралайди ва ҳ.к. Бу гал ўзим топширдим. Кутганимдек, мукофот олмадим.
Биламанки, бу мукофотга эга чиқиш учун пишиқ-пухта мақолаларнинг ўзи етарли эмас.
Тўғри, мутлоқ умидсиз эмасдим. Бироқ, қуруқ серия давом этишини тахмин-у тусмол
қилардим, галдаги мағлубиятга ўзимни руҳан тайёрлаб борардим.
Биласизми-йўқми, танлов шартлари, саралаш усуллари
антиқа. География, жинс, миллат, тил ва ҳ.к. Таниқли публицист Абдуқаҳҳор
Ироҳимов танловга ҳужжат топширганда, йиғма жилдни елимлаб қўйган экан. Мукофот
тегмагач, ўша жилдини қайтариб олиб кетишга келганда кўрсаки, унинг
материаллари ҳатто очиб кўрилмаган, елимланган ҳолида турган экан!..
Демоқчиманки, менинг ишларим ҳам ақалли очиб кўрилмаганига ишонаман. Чунки, бу
йил анча “шаккок”лик қилдим. Юртимда катта ўзгаришлар бошланганда,
журналистларга ўз мавқеини тиклаш учун тарихий вазият етилган бир шароитда, Тоҳир
Малик ибораси билан айтганда, “писта қилиб” ўтирмадим. Хусусан, ЎзА, ТВдаги
айрим нуқсонлар, кулгига лойиқ ҳаракатлар ҳақидаги баъзи мулоҳазаларим, дадилликни
янада кучайтириш ҳақидаги таклифларим, агарчи ОАВ ривожи, сўзнинг мутаборак
мақоми йўлида изсиз кетмаган бўлса ҳам, кимларнингдир қитиқ-патига текканини
тусмол қилардим. Эҳтимол, онг ости (подсознание) ички бир ўжарлик билан ғирром
мукофотларга қарши шу тарз исён қилган, фикримни очиқ айтишга мажбурлагандир. Тасаввур
қилингки, бир ишни бажарсангиз ижтимоий-сиёсий рағбат оласиз, бажармасангиз
виждон ҳузурда бўлади. Бу ишнинг номи жим туриш эди. Минг шукрки, мен жим ўтира
олмадим. Бунинг эвазига виждоним билан ҳоли қолганимда мукофотлардан-да зиёда
мукофот оламан – “Сен зўрсан, мағрурсан, икки кўзингни мўлтиратиб “тепа”га тикилмайсан,
бировга ёқиш, очко олиш илинжида ёзмайсан, ялтоқи эмассан!” дейди у. Зиёли ва
ижодкор одам учун ўзига ўзи чиқарган ҳукм, баҳодан зиёда баҳо йўқлигини
тушунган-тушунади.
Бу гапларни айтишдан мурод шуки, ҳеч кимда
сўзларимнинг мутлақо самимий эканига шубҳа бўлишини истамайман. Қуйида номлари
келтириладиган дўстларда ҳам, танлов ҳайъатидаги танишларда ҳам. Улар билиб
қўйишларини истардимки, менда аламзадалик кайфияти йўқ. Фикрларим мукофот
олганларга нисбатан эътироз эмас, саралаш механизмининг танқидий таҳлили,
холос.
Бош миллий мукофот
Жорий йил бу мукофот
ардоқли журналимиз – “Тафаккур”га берилганида қандай мантиқ бор? Журнални
мунтазам кузатиб борадиган зиёлилар бу хабарни эшитганида дастлаб: “Э, қойил,
ҳақли эди!” қабилида ўйлаганми ёки “Ваниҳоят беришибди-да, бор экан-ку, адолат”
деганмикан? Саволнинг жавобини қалбингизга кўмиб, гапнинг давомини эшитинг.
Хў-ў-ўш, билганим
шуки, “Тафаккур”нинг энг зўр даврлари, дарҳақиқат, ҳар бир чиқиши жамият
ҳаётида катта акс-садо берган йилларини эслайсизми? Адабиётшунос Шуҳрат Ризаевнинг
таъбири билан айтганда, ўшанда ватанимиз зиёлилари иккига: “Тафаккур”ни ўқий
оладиган ва ўқий олмайдиганларга бўлинар эди. Тўғри, журнал бугунги ҳолида ҳам
имло ва иншо юзасидан бошқалардан бир эмас, икки-уч қадам олдинда.
Демоқчимизки, адолат тақозосига кўра, уларга бу мукофот аллақачонлар
топширилиши керак эди. Дарвоқе, Бош муҳаррирнинг тақдирлаш маросимида айтган сермаъно
сўзларида ҳам баайни ҳодисага, дунёнинг ажаб ишларига таассуф бор эди. Демак, шуниси
аёнки, “Тафаккур”чиларни мукофотлаш, яъни “кечиккан изҳор”нинг касрига, айни шу
йилда жонини жабборга топширгудек ишлаган қайсидир қаламтутар дилтанг вазиятда
қолган. У эҳтимол сиздирсиз, балки бошқадир, муҳими вазият шундай, оғайнилар.
Эркин Аъзам –
мард ижодкор. “Бу менинггина мукофотим” деган гапни айтмади. Саҳнага жамоаси
билан кўтарилди. Жамоавий мукофотни шахсан ўзиники санаган муҳаррирларни ҳам
кўрган, кўп қатори “анинг андоғ қилғуликлариға” кулиб қўя қолган чиқарсиз.
Қиёсан айтганда, Эркин Аъзамдек шахсияти бутун, иродаси метин ижодкорга аталмиш
рағбатда кечикишдан бўлак жиҳат, ғирромлик йўқлигини ҳамма, жумладан,
соцсетларда аламнок ёзаётганлар ҳам билиб, эътироф қилиб турибди.
Шунга қарамай,
ушбуни ўқиётганларнинг виждонига ҳавола қилиб бир савол йўллайман: “Тафаккур”га
айнан шу йили Бош миллий мукофот тақдим этилиши адолатданми? Яширмай айтаман,
менинг жавобим: “Йўқ”. Ўтган йиллар, хизматлар учун бериладиган мукофотлар
бошқа, даврийликдаги жонбозлик учун бериладиган мукофотлар бошқадир.
Эслатаман: “Олтин қалам” Миллий мукофоти
ҳар йили 31-мартдан 31-мартгача бўлган оралиқда эълон қилинган материаллар учун
берилади.
Матбуот
“Ёш куч”ни
ўқийсизми? Дангал айтинг, улардаги креативлик, давр моҳиятини англаб,
қолипларни парчинлаб сўз айтиш, ҳақиқатнинг кўзига тикка қараш, шакл ва
мазмунни омихталаш яна қайси нашрда бор? “Ёшлик”ни-чи, гоҳида ўқиб турибсизми?
Бу ихчамгина жамоа публицистларнинг янги авлодини кашф, жалб эта олганига нима
дейсиз? Гоҳ-гоҳида ёш, жамоатчи публицистларни жамлаб мавзу, йўналиш бериб
турадиган мамлакатимиздаги ягона нашр айнан “Ёшлик” эканини биласизми, дўстлар?
Айтиб қўяйки, бу журналларга алоқам йўқ. “Ёшлик”да қачондир эълон қилинган
мақолам эса бошқа мавзуда. Публицистларнинг янги авлоди деганда ўзимни назарда
тутмадим.
Яна мулоҳазада
давом этамиз: бугунги “Жамият” газетасининг журъати яна қайси нашрда бор?
Давлат раҳбарининг ҳар бир иродасини қадам ба қадам тарғиб, таҳлил, тафаккур
қилаётган шундай нашр борми яна? Ҳар
чиқишида юзга яқин мавзуни қамраб олаётган расмий газета ҳам эҳтимол фақат
шудир. Танқид тиғини таҳлилга қориштиришда байроқдор бўлаётган нашр ҳам
“Жамият” эканини ўзаро гурунгларда очиқ-ойдин эътироф этамиз-ку! Аммо эътиборга
келганда, вазият ўзгариб қолибди. Сабабини биласизми? Чунки, газета яқинда
“Эътироф”ни олган, вассалом. Тушунтириб бўлмайдиган қоидаларга кўра, битта
газетани, бордию у чиндан ҳам шунга арзиган тақдирда ҳам, қайта ва қайта
эътироф этиш мумкин эмас.
“Даракчи” деган
газетани сап-сариққа чиқариб қўйганмиз. Лекин ўйлаб кўрилса, улар кундалик
ҳаётимизда нима билан тўқнаш келсак ўшаларни ёзади. Сариқ матбуот эса бошқа
мавзу. Бизда сариқ матбуот шаклланиши учун вазият йўқ ҳали. Уларнинг ўқувчи
топишга интилишини нохолис баҳолаш туфайли газета расмий назардан четда қолиб
кетаяпти. Бугун катта газеталарда янгилик дея қулоч-қулоч мақолалар ёзилаётган
мавзулар аллақачон “Даракчи”да муҳокама қилинган, танқидий-таҳлилий материаллар
туркуми чоп этилган бўлиб чиқади. Яқин кунларда, дейлик, обуна масаласи кун
тартибидан тушиб, барча нашрларга тенглик тақдим этилса, “Бор, ўз аравангни
ўзинг торт, мажбурий обуна нимаси, шундай ёзки, керак бўлса, одамлар газетангни
қидириб ўқисин”, дейилса, ишонаманки, бошқалар ҳам айнан “Даракчи”нинг йўлидан
боради. Ўқувчи топиш, жалб қилиш учун одамларнинг тилидаги мавзуларни кўтаради.
Истайсизми-йўқми, келажак шундай бўлади. Мажбурий обуна деганлари боқий жараён
эмас. Тобора умри тугаб бораётган воқелик.
Чори Латипов –
устозим, талаба йигитни “Маҳалла” газетасига ишга жалб қилиб, тўғри ёзишни
ўргатган илк маънавий раҳнамом. Сирожиддин Саййид ўзбекнинг катта шоири, кўп,
жуда кўп шеърларини ёд биламан. Аммо бу мавзуда гап кетганда, уларга бўлган
шахсий симпатиямни четга суришга мажбурман: мени кечирсинлар.
Хуллас,
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Қишлоқ ҳаёти” нашрларига мукофот тақдим
этилганида эса авторитет, жами хизматларни инобатга олиш механизми бош ролни
ўйнаганига шубҳам йўқ. Ҳа, рост – Чори
Латипов ва Сирожиддин Саййид ўзбек публицистикасининг атоқли сиймоларидан. Бироқ,
уларнинг шу ўтган бир йил давомида газета равишини янгилаш, ҳозиржавоблик
борасидаги хизматлари инобатга олиниб, мукофот берилганига сиз ишонаверинг. Мен
эса ўз ҳақиқатларим билан қолавераман.
Уйимда ЎзАСнинг
15 йиллик тахламлари бор. Газетани доим кузатиб бораман. Холис айтганда, “Торнинг
чўмичдан фарқи”, “Залолатга далолат қилувчи китоблар”, “Онам дерман...”,
“Адабиёт муаллими”, “Мутолаа санъати”, “Мирзакарим ва Мукаррама қиссаси”, “Арқон
солиб учар турналар” каби публицистик (бадиий адабиётга дахли бўлмаган
демоқчиман) мақолалар чиққан кечаги кунларни эслайсизми? Ишонишингизни
истардимки, бу мақолаларнинг номларини хотирамдан ёзаяпман. Кейинги бир
йилликда ана шундай эсда қоларли мақола ўқидикми? Жўрабек Жаҳоннинг “Дилрабосан
бунчалар Ватан” деган эссесини эслаяпман. Эҳтимол, газетачиликни тушунмай
қолаётгандирман. Лекин бошқа бирон мақола ёдимга келмаяпти. Ёдда қолмайдиган
мақолалар сардафтарини мукофотлашда мантиқ борми? Бу ўринда гап
адабиётшунослик, танқидий мақолалар эмас, журналистик материал, публицистика
ҳақида кетаяпти.
Хуллас, газета
жамоасига ҳурматимни сақлаган ҳолда айтаманки, айтайлик, ЎзАС ни кейинги ўн
йиллик тахламларини варақлаб кўрсангиз, газетанинг энг зўр даврлари бу
эмаслигини биласиз. Янги раҳбарият, янги муаллифлар жўрлигида қайнаётган газета
секин-аста мавқеини мустаҳкамлаб бориши, кучайиши турган гап. Лекин:
Эслатаман, “Олтин қалам” Миллий
мукофоти ҳар йили 31-мартдан 31-мартгача бўлган оралиқда эълон қилинган
материаллар учун берилади.
Интернет журналистикаси
Бу мавзуда
ўйлаганимда дастлаб, кимдир билмоқ учун, кимдир билинмоқ учун интилади, деган
фикр хаёлимга келди.
Uznetда илгаритдан
вазият шундайки, халқ журналистикаси бошқа, давлат журналистикаси бошқадир.
Ижтимоий тармоқларда, блогингда машҳур бўлганлар, дангал ва таҳлилий фикрлари
билан ўқувчи тўплаганлар бор. Интернетдаги uz сегментида тахминан йигирмага
яқин таниқли шахслар, дейлик, ўз профилига битта гап ёзса ҳам камида беш мингта
одам қисқа вақтда ўқийдиган, муносабат билдирадиган муаллифлар шаклланди. Мен
бунда оғзига келганини алаҳсирайдиган, асоссиз танқид билан одамларни
довдиратаётганларни эмас, жўяли фикрлари билан чиқаётганларни назарда
тутаяпман. Ва улар билинмоқ учун эмас, ниманидир билмоқ, англамоқ, тушунмоқ
учун ёзадилар, фикр айтадилар.
Яна бир
очиқ-ойдин ҳақиқатни эътироф этиш керакки, бугун наинки Ўзбекистонда, бутун
дунёда ҳам ижтимоий кайфиятни шакллантираётган асосий омил интернетдир. Бугун
газеталар, радиолар, телевидение интернетдан мавзу, материал олади. Аччиқ
ҳақиқат шуки, одамларимизнинг ОАВ га бўлган ишончини интернет журналистика
маълум маънода қайтара олди.
Агар ОАВ лар ўз
иши билан шуғулланганда, давлатимиз шунча маблағ сарфлаб халқ қабулхоналарини
очмаган бўларди. Одамларнинг арзу додини эшитадиган, давлат билан халқ ўртасида
кўприк вазифасини бажариши лозим бўлган биз журналистлар оғир иқтисодий
шароитни ўнглашга тиришаётган давлатимизга ростмана елка тутганимизда, она
Ўзбекистоннинг оғриқларини унутганча, афсонавий Сусамбил, ердаги жаннат ҳақида оғиз
кўпиртирмаганимизда халқ билан мулоқот бу қадар долзарб эҳтиёжга айланмас эди.
Кимдир ичида тан олар, кимдир ошкора, аммо факт шуки, бугунги ОАВлар ичида
интернет сайтлари халққа энг яқин ижтимоий институтдир. Айнан интернет
журналистикаси одамларнинг кайфиятини бошқараяпти.
Хўш, энди
жараёнга боқайлик-чи, вазият қандай экан?
Давлатимиз таъсис
этган мазкур мукофотда оммавийлик бош мезон эмаслиги аниққа ўхшайди. Шунга
кўра, Жаҳон ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан вакиллар мукофот олганида
мантиқ бор. Боиси, уларнинг ёзганларини мукофот тақдирини ҳал қиладиган одамлар
ўқийди.
Аммо...
Биз қайси мукофот
ҳақида гаплашаяпмиз? Интернет журналистикаси. Бу эса, кечириб қўясиз,
анъанавий журналистика эмас. Бу умуман бошқача жараён. Газеталарга ахборот
узатадиган агентлик томонидан, газеталарга мослаб, турфа чиғириқлардан миллион
марта ўтказиб тайёрланган мақолани, кечирасиз-у интернет журналистикасига дахли
йўқ. ЎзА, "Жаҳон" да фалонча тилда ахборот узатилади, уни бутун дунё ўқийди, деган
гаплар эса муаллифни интернет журналистикасига дахлдор қилиб қўёлмайди.
Хабарлар оқими бутун дунёни қизиқтирадиган Хитой эмасмиз, ҳамма ёқни
портлатаман деб кариллаётган, шунга кўра, мамлакатга доир энг кичик хабарлар
ҳам эртасигаёқ “Дойче вилле”дан тортиб “Нью Йорк таймс”да кўриниш берадиган
Шимолий Корея ҳам эмасмиз. Гап шундаки, лотин тилида ахборот узатасизми,
эсперанто тилидами, умуман олганда, бизнинг мақолаларимизга, баъзи истисноларни
айтмаса, ҳозирги пайтда дунёда фақат битта тоифа тайинли харидор бор: ўзбек ва
ёки ўзбекистонликлар. Уларга ахборотнинг арабча, хитойча, инглизча матни у
қадар қизиқ эмас, ўзбек тилидаги мақолаларни ҳам топиб ўқий оладилар. Четдан
туриб бизнинг сайтларимизга ташриф буюраётганларнинг сони эмас, салмоғига
қарасангиз, дунё кезиб юрган ўзимизнинг қоракўзлар бўлиб чиқади.
Умид Яқубовни
яхши танийман. Ақлли, мулоҳазали йигит. Ёзиш услубига кўра, таҳлилга, масштабли
тафаккурга мойил муаллиф. Аммо... Интернет журналистикаси деганда муаллифнинг,
номзоднинг интернетдаги фаоллиги инобатга олинмайдими?
Яна бир гап шуки,
баъзи мавзуларда ёзиш учун маънавий ҳуқуқ керак. Айтайлик, Сайёра Рашидова
билан таниқли блогер Жамшид Ниёзов ёки сигментнинг машҳур номларидан яна бири –
Санжар Саид суҳбат қилишга ботинолмайди. Респондент ҳам бунга кўнмаса керак. Бундай
мавзуни дастлаб расмийроқ нашрлар бошлаб бериши керак. Кейин бошқалар ундан руҳ
олиб, ишни давом эттиради. Айтайлик, шундай эмин бир кун келганда тақдирда ҳам
уларнинг суҳбати, интернет аудитория учун мўлжалланади ва умуман бошқача
ракурсда, ўта қизиқарли, жонли суҳбат тарзида кечади. Ўқиб маза қиласиз. Айтмоқчиманки,
ҳозирча, бундай мавзуларда ёзиш ҳуқуқи танланган нашрларга ва танланган
одамларга берилаяпти. Тўғри, бу кечаги кунларнинг мантиғи, лекин бор гап.
Ҳали-ҳамон йиқилмаган девор. Бу мантиқдан келиб чиқсак, халқ журналистикаси –
чинакам интернет журналистикаси вакилларида совриндор бўлишга ҳеч қандай
имконият йўқ... Шу кунларда анънавий тус олган қолиплар парчаланиб,
журналистлар овози дадиллашаётган экан, “танланганлар” синдроми ҳам барҳам
топар. Аммо бир ўқитувчи, қолаверса, журналист сифатида фикрим шундайки,
барчада тенг имконият бўлиши керак. Истеъдодга баҳо бераётганда алоҳида буюртма
билан ёзилган мақолалар мезон саналса, келгуси йили mtrk.uz сайти ходимлари “ ‘Ахборот’ни ўз вақтида
интернетга жойлаб бораётгани учун” интернет йўналишида мукофотланса, ажаб эмас.
Чунки, бу жуда зарур ишни бошқа ҳеч ким қилмаган, қила олмаган бўлиб
чиқаверади. Қойилмисиз?
Умид Яқубов учун
хурсандман. Бу гапларни ёзаяпман-у, у мени тўғри тушунармикин, деган андиша,
иштибоҳ бор. Лекин унинг ўзи ҳам интернет журналистикасидан кўра, матбуот
вакили эканини яхши билади, деб ўйлайман.
Дарвоқе, интернет
ва журналистика ҳақида бир факт. Адашмасам, 2014 йили эди. Ажойиб ижодкор, яхши
ҳикоялари, публицистик мақолалари билан оғизга тушаётган Акмал Жумамуродов
“Йилнинг энг фаол журналисти” танловида интернет йўналишида рағбатлантирувчи
мукофот олди. Ўшанда у билан бир жамоада ишлардик. Сиз буни тасаввур
қилолмайсиз: тақдирлашдан кейин Акмални табриклаш учун олдига бордим. Лекин
кўз-кўзга тушганда ўртамизда ҳижолатпазлик туғилди. Чунки, у ҳам, мен ҳам яхши
билардикки, Акмал Жумамуродов аслида газетада эълон қилинган мақолалари
учун тақдирланган эди. Газетанинг сайти
эса, тушунганлар айтсин, ОАВ ҳисобланмайди. У газетанинг интернет версияси
ҳисобланади. Бундай вазиятда, яъни электрон нашр сифатида рўйхатда ўтмаган ОАВ
вакилига интернет бўйича мукофот тақдим этилиши тактик ход, кўнгилпарастлик
эканини сезаётгандирсиз.
Хуллас, ўшанда “Барибир
жамоамиздан бир йигит тақдирланди-ку, яхши”, деган хулосани ясагандим. Аммо биз
нетиб ўзимизни шу тарз алдашларига қоим қараб тураверамиз? Ўша йили Акмал
матбуот йўналишида энг муносиб номзодлардан бири эди-ку! Номзоднинг дилини
оғритмаслик учун бошқа йўналишдан кимнидир четга суриб, ўрнига бошқани
тиқиштиришган бўлса, бундан хурсанд бўлишимиз керакми?.. Барчадан адолат талаб
қилаётган журналистиканинг ўзида адолатнинг ечими шундай бўладими, жаноблар?
Эҳтимол, “географик метод” тақозосига кўра, матбуот йўналиши банд бўлиб қолган
бўлиши мумкин. Буни ҳам истисно қилиб бўлмайди.
Аввалги мавзуга
қайтиб, шуни айтаманки, матбуот йўналиши интернет журналистикаси йўналишига
чанг солмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Бу бошқа-бошқа жанрлар, йўналишлар.
Матбуот – катта оқим, улкан карвон эканини назарда тутиб, бир йилда атиги учта
номзодни саралаш мураккаблигини аввалроқ ўйлаб кўриш керак эди. Балки республика
нашрлари, вилоят нашрлари, туман нашрлари кесимида рағбатлантириш адолатдан
бўларди. Ўшанда мамлакатимидаги барча республика, вилоят ва туман газеталарининг хос рақобатига гувоҳ бўлардик.
Айтганча, ўтган
йили “Бувайда кўзгуси” туман газетаси интернет йўналишида мукофотланган. Туман газетаси,
кунлик аудиторияси икки-уч минг нари-берисида бўлган нашрни интернет
журналистикаси бўйича тақдирлашлари ортидан uznet да истеҳзоли қаҳқаҳалар
жаранглагани қолди, холос. Танлов кулгига қолган.
Хуллас, интернет
журналистикаси деганда, афтидан бутун дунё олимлари, маҳаллий тақдқиқотчилар
бошқа фикрда-ю, “Олтин қалам” миллий мукофоти ҳайъати бошқа фикрда, шекилли...
Kun.uz сайти вакилининг
мукофот олиши эса адолатнинг хира жилваси, холос. Чунки, ушбу сайтда, кўриб
турибмиз ахир, вилоят ҳокимлари билан суҳбатлар, таҳлилий мақолалар пешма-пеш
чиқаяпти. Ҳали марказий каналларимизда вилоят ҳокимининг қиёфаси жонланмаган
бир пайтда бу сайт ана ўша янгиликка қўл урди. Бу янгилик эмасми? Бу ахир бутун
бошли лойиҳа-ку!
Рустам Раҳимовни
эса умуман танимадим.
Ўтган йили maydon.uz,
championat.asia, anhor.uz, sof.uz, tafsilot.uz каби сайтлар йил давомида қандай
таҳлилий мақолалар эълон қилмади-я... Биратўла иккита рағбатлантирувчи
мукофотга лойиқ кўрилган anhor.uz нинг зўрлигини нега чет элликлар билади-ю,
бизникилар билмайди? Чунки, иккита мукофот тайин бўлгач, учинчисини ортиқча деб
билишади, бошқа бировини кўнглини олишга тиришадилар. Эътиборингиз учун, дунё
бўйича турли соҳаларда бўлаётган тақдирлашларга назар ташласангиз, битта фильм,
маҳсулот, асар, ижодкор, лойиқ бўлса, битта танловнинг ўнлаб номинацияларида
ғолиб чиқиши мумкин. Нимага? Чунки, андишанинг ҳисоб-китоби бўлмайди у жойда.
Эҳтимол баъзи
сайтлар танловга ҳужжат тақдим этмагандир, лекин савол туғилади: энг зўрлар
учун бериладиган мукофот таъсис этилганми ёки география, шахслар мувозанати,
тушган аризаларга кўра тақдим қилинадиган мукофотми бу? Ўзи, умуман, йилнинг
энг фаол, энг зўр журналистларини аниқлаш учун, албатта, улардан материал йиғиш
керакми? Нима кераги бор бу қоғозбозликнинг? Танлов ҳайъати тегишлилиги бўйича
ўзи материал сараласа маъқул эмасми?
Билмадим,
билмадим... Бу саволлар кеча ёки бугун туғилган эмас. Бу саволлар жуда
кўпларнинг тили учида турган бўлса эҳтимол. Айтган гапларим ҳам янгилик эмас.
Ҳаммамиз биладиган эски гапларни бир жойга жамлаб чиқдим, холос.
Айтганча,
“Йилнинг энг фаол журналисти” танлови бошланди. Марҳамат, омадингизни синаб
кўринг, азиз ҳамкасб! Омадингизни!..
Дарвоқе...
Мукофот бир марта
берилади, такроран берилмайди деган гап ҳам эскирган, боз устига мантиқсиз. Зўр
бўлинг, ишланг, меҳнат қилинг, марҳамат рағбатини ҳам кўринг! Ўзи сифатли
нашрлар, кучли муаллифлар ноёб бўлиб турганда, уларни бир зарб билан сафдан
чиқариш адолатдан эмас.
PS. Тв журналистикаси, радио ҳақида бир нима деёлмайман.
Анчадан бери Тв кўрмай қўйганман. Фақат
“Ахборот” ва “Давр”ни мунтазам томоша қиламан. Тақдирланганларни танимадим ҳам.
Наргис Қосимова, Шарофиддин Тўлаганов каби муаллифларни тақдирланганлар сафида
кўришдан хурсанд бўлдим.
Биламан,
аслида бу гаплар оммага айтиладиган фикрлар эмас. Барибир бу каби чиқишлар
касбимизни эл аро ҳурматини зиёда қилишга хизмат қилмайди. Лекин, тўғри
тушунинг, айнан шу мақоламни исталган нашр жон-жон деб қўлимга қайтариб беради.
Журъатлироғи юмшатиб, қайта ишлаб беришимни сўраши мумкин. Бироқ буни
истамадим. Таниш ва қадрдон сиймолардан рад жавобини олишдек кўнгилсизликни ҳис
қилгим келмади.
Шу
важдан, ўзгаришларга муҳтож журналистикамиз ҳақидаги муҳокамаларимни эълон
қилишга журъатландим.
маладес, зур!
ОтветитьУдалитьЭтот комментарий был удален автором.
ОтветитьУдалить