Уч шоир, уч олам...
Шеър тоза, ғаразсиз юракдан оқаётган селдирки, ботиниб шарҳлашдан кўра ўқиб, қайта-қайта ўқиб, хаёл суриш, завқланиш ёқимли машғулотдир. Аммо муайян бир шеърга, шоирга доир ўйлар жамланиб, яхлитланиб бориши асносида, кузатувларни ўртоқлашиш истаги туғилар экан.
Мана шу истак туфайли тенгдош шоир дўстлар ижодининг ўзига хосликлари, сўз қўллаш маҳорати, ижодий имкониятлари ҳақида баъзи мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Мана шу истак туфайли тенгдош шоир дўстлар ижодининг ўзига хосликлари, сўз қўллаш маҳорати, ижодий имкониятлари ҳақида баъзи мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Шоирлар – Шодмонқул Салом, Беҳзод Фазлиддин, Носиржон Жўраев ижодини қарийб ўн йилдан бери кузатиб-ўқиб келаман. Орада шеърга ошифталик, адабиётга муҳиблик, қолаверса, касб тақозоси туфайли ўртамизда илиқ дўстона муносабат пайдо бўлди. Носиржон билан магистратурада, Беҳзод билан аспирантурада бирга ўқидик. Шодмонқул ака билан эса, одатдагидек, драматик, шеърбоп кайфият умидида изғиётган, ҳар муюлишдан, таниш-нотанишдан шеър ахтариб юрган дилгир пайтларида юзлашиб-дўстлашиб кетдик. Бу гапларни айтишдан мурод шуки, тақдир тақозоси билан бу уч шоирнинг қалб бисоти, кундалик ҳаёт тарзи, ижодий лабораторияси билан имкон қадар танишман. Шеърда шахсиятнинг бўй кўрсатиши, сатрлар узра сочилиб-ёйилиб, баъзан бўртиб туриши аён бир гап. Шу маънода, Шодмонқул Саломнинг ҳассос лирик шеърларида ҳам, Ватан дея ёнишларида ҳам, тарихга, боболар руҳига мурожаатида ҳам муаллифни – чодирхаёл, чапани бир йигитни кўргандай-танигандай бўласиз. Беҳзод Фазлиддиннинг шеърда қимтиниброқ, тортиниброқ, аммо кўнгилни аямай, оғриб-оғритиб дилдошлик қилишидан сезасизки, айни сатрлар муаллифи ўз ақидасида собит, қобил ва ҳалим бир инсон. Худди Евгений Онегин мисоли ўйчан, бироз олифтароқ, бироз такаббурроқ, ўта нозик дидли, ўта таъсирчан лирик қаҳрамон Носиржон Жўраевнинг феъл-атворига қай бир жиҳатлари билан яқин келади. Хуллас, уч шоир – уч олам, уч хил дунёқараш...
“Қайси қиёфамда Сенга яқинман?..”
Хоразм томонларда “Сувора” деб номланган ашула тури, хониш йўли бор. Бир қарашда, айтайлик, бошқа мақом йўлларига солиштирганда, нисбатан енгил-елпи туюладиган, бироз ўйноқи, савт бу қўшиқларни маҳаллий халқ ўзгача ардоқлайди, севади. Ҳофизларнинг давра қуриб, баҳслашиши – “Дийралишма”сида ҳам мезон: суворани ўзиб айтиш. Сувора матнида ирфоний оҳанглар, маънолар қат-қат, жанрнинг асосий белгиси баайни мана шу. Сувора Хоразм қўшиқчилик анъаналарига хос, бошқа жойларда бу сўзни учратмайсиз.
Аммо Беҳзод Фазлиддиннинг Бобораҳим Машраб ҳазратларига мурожаат янглиғ жаранглайдиган “Ўртар” номли шеърида мақола сарлавҳасига айланган сатрларга дуч келиш асносида сўзнинг миллийлашиши, маъно кўламининг кенгайиши, интеллектнинг намоён бўлиши каби мавзуларда мулоҳазалар туғилди. Хоразм диалектига хос сўз Наманган заминида туғилган шоирнинг шоҳ Машраб ҳақидаги шеърида ярақлаб тургани, чуқурроқ мулоҳаза қилинса, сезилиб-сезилмайроқ турган, аммо яқин йилларда янги-янги тадқиқотларга мавзу бўлиши тайин жараёнга, яъни маҳаллий колоритларнинг уйғунлашиши, ўзаро таъсирланиши, яхлитланиши ҳодисасига ва унинг адабиётда намоён бўлишига ҳам тааллуқли. Бошқа томондан олганда, бу – шоирнинг интеллекти баландилигидан, нозик дид-фаросатидан дарак. Машраб бобо ижодига дохил битикка сўз танланар экан, ўзида ирфоний маънони жо қиладиган каломга, табиийки, эҳтиёж бор эди. Натижада, шу битта сўз туфайли, шеърнинг юки ортади, буюк қаландарга яқинлик, вобасталик руҳи матнга сингади: “Томиримда куйлар оқар – сувораман”. Сатрнинг жозибаси унинг оддийлигида, гўё тилингизнинг учида турган гап айтилгандай, шеър мутолаасининг айни нуқтасига етганда шундай дейишга тараддудланаётган бир пайтингизда шоири тушмагур олғирлик қилгандай туюлади. Бундай кайфият шоирнинг бошқа шеърларини ўқиганингизда ҳам ҳамроҳлик қилади. Хусусан, “Чигал саволлар” номли шеър номига монанд равишда риторик саволлардан иборат. Бошдан-охир саволдан иборат бу шеърнинг ўқувчига қандай қизиқ жиҳати бор, у нега бу саволларни ўқиши керак ёки шоирга қўшилиб азал ва абаднинг юмушларига толиб, файласуфона хаёлларга берилсинми? Йўқ. Масала бошқа... Беҳзод ўқувчи кўнглига мангу саволларни қайта муҳрлаш, моҳиятга ошифталик уйғотиш фонида битта гап айтиб кетадики, кейинчалик ушбу савол китоб мутолааси давомида сизга сарбонлик, цензорлик қилади. Наинки ушбу шеър, қолаверса, шоирнинг бутун ижодига ёндашувда муаллифни ўзи таклиф этган тарзда назар ташлайсиз. “Шеъримнинг имони бутунми?” деб хитоб қилар экан, бошқа сатрлардаги саволларнинг, ўша чигал саволларнинг (“Кулфат бу дунёга мангу устунми?”; “Адашдимми ишққа кўнглимни очиб?”; “Муштарак билдимми япроқ, илдизни?”) айни шеърга, умуман, шеъриятга алоқадорлиги ортади. Зотан, имонсиз, мантиқсиз шеърлар ҳам турли йўллар билан китобатга айланган бир пайтда, ўзига, сўзига ишонган шоиргина ўқувчиларга дангал савол ташлаб, қиёслашга, баҳолашга ҳақли суръатда даъват қила олади. Ижодий приёмнинг соддалиги ва айни бир пайтда, бадиий мақсаднинг кўламдорлиги бу мулоҳаза кўнгилдан ўтгач, янада чуқурроқ англашилади.
Шеър – драма, бинобарин, ҳар бир шоир ўзига хос усулда бадиият яратади. Беҳзод Фазлиддиннинг серсавол, ўкинчларга, араз-гина оҳангига эш шеърларини ўқир экансиз, драматик ҳолатнинг замини, асосан лирик “Мен”нинг оғриқларидан, тўқнаш келинган ҳодисага таассуф ёки истиғфор айтишдан иборат эканлигини туясиз. Мана шу борада шоирдан гина қилишга ҳақимиз бор. Яъни, адабиётда “Мен”нинг юки, назари улғаймас, каттармас, ўқувчи қалби билан қандайдир умумийлик касб этмас экан, лирик қаҳрамон шеърхон учун алланечук бегона, учинчи шахс мисоли бўлиб туюлаверади. Аслан, ҳар қандай шеърдаги драма, фожиавийлик ўқувчининг қалб дафтарига ҳам муҳрланиши керак. Шеърхон мутолаа жараёнида, аввало ўзини, ўзлигини ахтаради. Қалб оғриқларига малҳам, эш бир кайфият топгиси келади. Б.Фазлиддиннинг жуда кўп шеърларида кечинмалар, ташбеҳ ва мутаассирлик хосаки, хусусий мазмун касб этгани ҳолда, оммавий ўзлаштириш (бу ўринда авом эмас, таъби назми бор омма назарда тутилмоқда), тушуниш маҳол бир пардада қолиб кетади. Рецептив эстетика билимдонлари бу мулоҳазани ўқиб, унга эътироз билдиришлари мумкин. Бинобарин, замону маконда шеърнинг ўрни, қўним топмиш манзили масаласи турли баҳсларга, нечалаб муҳокамаларга боис бўлган....
Фикримча, Б.Фазлиддин ижодидаги бу ҳол ижодий маҳорат билан боғлиқ бўлса керак. Маҳорат сайқаллашгани, юксалгани сайин энг инжа туйғуни, энг нозик вазиятни, энг дақиқ фурсатни ҳам дилбар бир шаклда, самимият билан ўртоқлашиш малакаси пайдо бўлади. Зотан, шаклланаётган истеъдоднинг қирралари ҳақида тугал гап айтиш қийин.
Шоир ижоди ҳақида мухтасар фикр якунида яна бир мулоҳаза. Салмоқлаб кўрилса, Б.Фазлиддин ўйлаб-танлаб истеъмолга киритган сўзларда маҳзунлик, тушуниксиз тушкунлик нафаси уфуради. Хусусан, “Ғурбатсарой”, “Ўйдунё”, “Армонқиз” сингари ғуссанинг, ғурбатнинг таъми мўлроқ каломлар чўнг юмушга отланган шоирнинг дарди ҳам шунга яраша эканлигига, умуман олганда, далолат бўлар. Ва лекин адабиётнинг асл мақсади одамларга эзгу идеал беришдир, деган ақида қоим экан, ўқувчиларни ёруғ хаёлларга, жўшқин лирик оламга, самимиятга ошино қилиш энг маъқул йўл бўлиб қолаверади... Масалан, шеър “Қалдирғоч ўланлар айтиб қош қоқди” дея умидбахш, самимий оҳангда бошлансаю, якунда “Дугонаси бахтни олиб келар деб, Баҳорга ишониб қўяр экансан” қабилида руҳсиз бир равишда якунланса ва бу тарз якун бошқа шеърларда ҳам у ёки бу даражада такрорланса, яна юқоридаги ўйлар кўнгилдан ўтади...
Шунга қарамай Беҳзод Фазлиддиннинг шеършунослар эътирофига сазовор бўлган етук асарлари, мухлислар тилига, дилига кўчган ўнлаб яхши шеърлари бор. Аммо улар ҳақида айтиладиган гаплар такрор бўлишидан истиҳола қилиб, мана шу нуқтада гапни мухтасар қиламиз.
“Аммо ҳали яшамадим, ҳозирландим, чоғландим...”
Истеъдодли шоир Шодмонқул Саломнинг “Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман” деб бошланувчи шеъридан узиб олинган юқоридаги сатр, назаримда, унинг бутун ижодига тааллуқлидай: қарийб барча шеърларида ҳозирланиш, чоғланиш руҳи, нафаси бор. Нимага ҳозирланади, нимага чоғланади – бу энди бошқа масала, ҳар бир шеърнинг вазну даромадига тан...
Мен Шодмонқул аканинг шеърлари ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр айрим қофиядош сўзлар, ҳаракат маъносига татбиқ қилсак, бир-бирини тақозо қилувчи тушунчалар баъзан фожеий, баъзан юмористик мазмун касб қилганча хаёлимдан ўтаверади. Кейин ўша – “кулаётганда”, “бўлаётганда”, “тўлаётганда”, “қолаётганда”, “олаётганда” тўлиб-тошиб шеър ўқиётган қадрдон шоир сиймоси гавдаланди. Ажабки, унинг шеърий бисотига оҳангдош бу сўзлар реал ҳаётдаги рангпар лаҳзаларига ҳам қай бир жиҳатдан муқобил келади...
Шеърларида ҳам, гурунгларда ҳам сўзни якунлашга, фикрни яхлитлашга, гапга нуқта қўйишга шошмайдиган Ш.Салом ана шу ҳолатни шеърий дастхати, услубига айлантирган, десак, муболаға бўлмас. Унинг шеърларида жумлалар олисдан келади, ўқийверасиз; тарихлар айланади, тақдирлар турланади, ўқийверасиз; ўзликдан, “Мен”дан бошланган поэтик тасвир ўзбекка, бизга туташади, ўқийверасиз; ана шундан кейингина, матн якунидагина шеърдаги ягона нуқта (.) чекилади. Менга баъзан шундай туюладики, Ш.Саломнинг шеърлари бошида, ўртароғида келадиган нуқта аслида ўринсиз, нокерак – гўё улар қандайдир яхлит қуйма; синтактик бўлиниш, айириш, нафас ростлаб ўқиш фикрни бўлади, маромни бузади.
Шодмонқул ака шеърни қачон тугаллашни, асарга сўнгги нуқта қўйишни биладиган шоир. Баъзан гўзал тизмаларни ўқиш асносида авжидан бир парда олдин ва ёки кейинроқ, самимият, поэтик тасвир сустлашган паллада тугалланган шеърларни илғаб қоласиз. Мана шу ҳолатни шоирнинг ўзи ҳам англаса ва бошлама билан тугалланма фикрни нафис боғлай олса, ана ўша шеърнинг манзил-макони китобжавон эмас, мутаассир қалб бўлади. Юқорида эслаганимиз – “Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман” деб бошланадиган шеърнинг сўнгги мисралари шундай: “Ҳеч ишонманг, сочларимни тунга бўяб олганман, Лек, ўттизга кирганим йўқ, балки мингдадир ёшим”. Дастлабки банддаги ўкинч, ҳадик-хавотир беш банддан кейин келадиган якунда қатъий ишончга, келажак орзусига, мискин кайфиятдан фазилат ахтаришга алмашади. “Балки мингдадир ёшим” деган иборадаги “дир” орттирма даражаси ажиб маъно товланишини юзага келтиради. “Балки” сўзидаги гумон, ишончсизлик “дир” билан бақамти бўлиб, матннинг мазмунига айният юклайди. Алҳосил, бу мисрани қандай кайфиятда ўқисангиз, шунга монанд хулоса, маънони уқасизки, шоирнинг кўз илғамас сеҳргарлиги, усталиги, кайфият йўлдоши экани мана шундай пайтларда билинади.
Яна бир шеърни кўриб чиқайлик. У “Сирқирайди суягим, тилим қонар сўзлардан” деб бошланади. Дастлабки сўзданоқ шеърда драма туғилди, энди шоир сизнинг кайфиятингизга йўлбошловчи, сарбон – эргашасиз, ўқийсиз. Шоир кейинги сатрларда жамият билан қалбнинг муносабати ва мувозанатини элакдан ўтказа бошлайди. “Мангу тавоф этмоққа бардош”, “Қорайган бир кўнгилга қуёш”, “Ҳамдард, ҳамроз ё рақиб – элдош” бўлолмаслик ҳисси билан қоврилаётган лирик қаҳрамон якунда шундай хулосага келади: “Бир саркаш тулпордаман, ювош бўлолмаяпман”.
Аввало сатрда асосий маъно ташийдиган уч сўзнинг таъми, моҳияти ёқимли, чинакам шоирона – “Саркаш”, “Тулпор”, “Ювош”.Эътиборли жиҳати, бу сўзлар, бир вақтнинг ўзида, асл маъносида ҳам, кўчма маъносида ҳам истифода этилмоқда. Бундан ташқари, кўчимнинг турланиши, яъни тулпорнинг эмас, тулпордаги моҳирнинг ювош бўлолмасли сатрга янада жозиба бағишлайди. Мен атайлаб шу бир сатрдан ўзим уққан маъноларни махсус келтириб ўтирмайман, чунки бундай йўриқнома шеърхонга фақат ҳалал беради. Бу ўринда шоирнинг ижодий камолоти, маҳорати, сўз қўллаш техникаси ҳақидагина гурунг бериш маъқул, деган фикрдаман.
Шодмонқул Саломнинг бошқа шеърларида ҳам ана шундай таранглик, узвийликни кўришимиз мумкин. У “Онамга” номли шеъри аввалида “Тонгу шомнинг орасинда” дея сўз айтади. Кейин яхлит бир монолог бошланади ва кейинги ўн уч бандни ўқиш асносида туйғулар бир маромда кўтарилиб, юксаклаб, авж пардаларга чоғишиб боради. Охирида, сўнгги сатрда “Мен онамни соғинганман” деган оддийгина жумла билан шеър тугайди. Йўқ, шошманг, оддийгина жумла дедикми? Энди уни биринчи сатр билан кетма-кет ўқиб кўрингчи? Маъно сал каттарди, юксалди, шундайми? Ана энди орадаги ўн уч банд билан қўшиб, бир нафасда ўқиб кўрсангиз сўнгсўзнинг жозибаси, унга юкланган мазмуннинг қамрови нақадар ортишини тасаввур қилиб кўринг. Шундай қилиб, шоиримиз жуда оддий бир усулда ўқувчи тафаккурини чархлайди. Лекин ана ўша “оддий” дея таъриф берилган усул, сўз йўли жуда катта ижодий меҳнат ва истеъдод қувватининг ҳосиласи эканлигини ёдда тутиш керак.
Демак, шеърнинг тузилиши ақлни, рационал тафаккурни чилпарчин қилиб, гўёки буткул янги олам очишга беъмани уринишда эмас, аксинча тахайюл кенгликларида ҳам мутаносибликни, фикрлар, туйғулар аро боғланишни маҳкам тутишда намоён бўлади. Ва, эътироф этиш керакки, бундай яхлитлик шоир шуурининг эмас, ғайришуурининг маҳсули – атайлаб, ўйлаб, ҳисоблаб бундай шеър ёзиб бўлмайди. Асл шоирларда шундай. Кузатганимиз – Шодмонқул Саломнинг ўқувчиларга манзур бўлган, эътирофларга ноил шеърларида ана шундай мувозийлик бор.
“Сен мени ўқидинг, кўксимни ёриб...”
Носиржон Жўраевнинг шеърларини деярли ёд биламан. Уларнинг аксариятини илк ўқувчиси бўлганман. Ўхшамаган мисраларини биргалашиб муҳокама қилганмиз, баҳслашганмиз. Аммо ҳар сафар янги бир шеър туғилганда ўртадаги тушунмовчилик тумандай тарқайди – яна мутолаа, яна муҳокама...
Одатда шеър ўқиётганимда муаллиф уни қандай шашт билан ёзганини чамалаб кўраман. Жумлаларнинг тузилиши, танланган сўзлар, уларнинг қўлланилиши, фикрнинг мароми асар туғилаётганда шоир қай ҳол, қай мақомда бўлганини сездиради.
Тасаввур қиламанки, Шодмонқул ака тўлиб-қайнаб, буткул ўзини унутганча ёзади. Илҳом тошганда, ҳозир, шу фурсатда нима ёзишини ўзи ҳам билмайдиган алпозда, жовдираб қалам тутса керак, деган фикрдаман. Сезишимча, шоирнинг ўзида ҳам ана ўша ижодий тошқин пайтидан қўрқув ҳисси бор.
Беҳзод Фазлиддин аввал бир ғояни миясида пишитиб, етилтириб, кейин ўшанинг ўзинигина ёзади. Унинг шеърларида ҳам ижобий, салбий маънодаги оғиш, бир йўналишдан чекиниш қарийб йўқ. Демак, шеър қоғозга кўчишидан аввалроқ воқе бўлган. Энди уни йўргаклаб, пардозлаб қалб тандиридан узиб олинса, бас.
Носиржон эса шеърни ўйлаб ёзади. Унинг шеърларини ўқиётганингизда “Мана бу мисра айнан шундай туғилмаган бўлса керак”, дея аниқ-тиниқ ўйлайсиз, жумлаларда совуққон ақлнинг иштироки борлигини сезасиз. Чунки, ҳар бир сўзни, жумлани пишитиш, сўзларни чертиб-чертиб танлаш орқали шундай сатрлар яраладики, энди ўша сатрда лирика бор, драматик ҳол бор, бироқ ибтидоий дағаллик, “савқи табиий” йўқ – ялонғоч туғилган шеър олифта камзул кияди. Шу боис унинг шеърлари чарсиллаб туради.
Бундай ишловнинг, сўзга муносабатнинг ижобий ва салбий жиҳатларини тарозига солиб, қиёслаб бўлмайди. Ҳар бир шоирнинг ишлаш услуби – ўзи учун энг тўғри вариант. Чунки, унинг ўзигина яратиғига ҳаққоний муносабат билдира олади, ўзи хоҳлаган сўз йўлида, ритмда асар битади.
Носиржоннинг топган-қўллаган ташбеҳлари жуда серқатламлиликни, мутлоқ ажралиб туришни даъво қилмайди. Кўз ўнгимизда кечаётган воқелик унинг нигоҳида поэтик маъно таший бошлайди: “Мушт тугсам – куртакдир, кафт ёзсам – япроқ”; “Киприк қоқишидан чиққай бир наво”; “Пешонамга омоч тортади кунлар”. Битта шеърда кўпи билан икки-учта ташбеҳдан фойдаланган шоир, кейинги мисраларда туйғуларнинг ўзига, қалбнинг айтганига кўнади-қўяди. Фикрни ўраб-чирмаб, шира боғлатиб айтишга ошиқмайди.
Носиржоннинг назмдаги ёқимли тажрибаларидан бири образ яратишда кўринади. Унинг шеърларида дарпарда, стул, ёқа, куйлак, ўчоқ, ноябр, август сингари турли тушунчалар баркамол образга айланади. “Оқшом уйга кирди ёлғизлик” деб ёзади шоир. Аммо кейинги сатрларни ўқиш жараёнида сезасизки, келгувчи хаёлдан кечган ёлғизлик руҳи эмас, ёлғиз инсон. У уйга кириб, “диваннинг ярмига ўзини ташлайди”, кейин “худди улкан кўздек бақраяр кўзгу”, “кўкрак қафасини ланг очар шкаф”, “дарпарда ўралиб келади эзгин” – хуллас, қўйинг-чи, уйда ёлғизлик руҳи кезиб юрибди. Шоир ана шундай манзарани усталик билан чизар экан, ўқувчини навбатдаги, янада оғирроқ бахтсизлик билан юзлашишга тайёрлаётган чиқади. Шеърдаги “Ёстиқ ёш боладек кирар пинжига” деган сатр ўқувчи қалбини портлатади. Ана ўша манзарани кўз олдингизга келтиргачгина фожеанинг кўламини чуқурроқ ҳис қила борасиз. Бу номсиз, шонсиз одамга ва айни тасвирни бамайлихотир чизаётган мусаввир-шоирга таассуф қиласиз. Одатда бундай руҳдаги шеърларда мунг, дардкашлик ҳисси барқ уриб туради. Аммо бу шеър ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлган одамнинг – ёлғизликнинг ўзидай совуқ, бегона нигоҳ билан ёзилган. Шеърдаги бепарволик, шунчаки бор гапни айтиш оҳанги ўқувчини қарама-қарши хаёлларга солади. Бу шеърни ўқиётган одам фожиани ҳиссиз шарҳлаётган шоирнинг бардошидан тонг қолиб, тош қотган дийдасига назар ташлагиси, илитгиси келади.
Аммо шеър буткул руҳсиз, умидсиз якунланганда эҳтимол муаллифдан ёзғирар эдик. Аммо асар якунида узилар-узилмас сақлаб келинган умид ипи бўй кўрсатади:
“Чорасиз кўз юмар – ухлар ёлғизлик,
Онаси қавиган кўрпа ёпиниб.
Туш кўрар. Тушида юрганмиш тирик
Аллақаёқларга кетган хотини...”
Шеър якунидаги “тирик” деган сўз, услуб тақозосидан келиб чиқиб шарҳланса, бир дунё умидни, илинжни, ҳамдардликни ифодалайди. Шоир ҳикоя йўсинидаги оҳангни ўзгартириб, мушфиқ қиёфада кўрингиси – сўзлагиси келмайди, холос.
Носиржоннинг назмдаги бу тарз изланиш ва тажрибалари насрда ҳам давом этади. Чунончи, “Ноябрь куйи” деб номланган қисса ўз вақтида “Ёшлик”да чоп этилган ва илиқ фикрларга муносиб кўрилган эди. Бу қиссада ҳам муаллиф қаҳрамонига гўёки шафқатсиз муносабатда бўлади. Қаҳрамон турмуш ва кўнгил кўчалари аро ўзининг асл туйғуларини ахтаради. Кўп йиллик изтиробларига жавоб олганида эса ҳаёт барқ уриб гуллаётган ва бу ифорни у аллақачон туйган, туяётган бўлиб чиқади. Қиссадаги психологик манзаралар, ёлғизлик шарҳи аввалроқ биз таҳлилга тортган шеър каби аёвсиз, раҳмсиз. Бироқ мана шу ҳикоя йўсини муаллифни характерларнинг табиий динамикасига ҳалал беришдан тийган, чеклаган. Фикримча, асарни ўқишли чиқишига сабаб бўлган бош омил – шу. Айтмоқчимизки, Носиржон хоҳ назм, хоҳ наср бўлсин, маҳорат билан поэтик манзара чизар экан, шундай бир тасаввур қолдирадики, муаллифнинг ўзи ҳам тақдирнинг ўйинларига, тафаккур мавжланишига шунчаки бир соме, гўянда. Шеърда муаллиф “Мен”ининг иштироки матн сатҳиданоқ сезилмайди, аммо жуда чуқур қаралганда бамайлихотир айтимчилик қилаётган қалб, ўзлик кўринади.
Умуман, Носиржон Жўраевнинг ижодида, умумлаштириб айтганда, беором ўйларга ғарқ бўлганча ўзини ахтараётган инсон қиёфаси бор. Ўзини ахтарган одам эса манзилга етгусидир.
Хулосадан бурунги ўйлар
Уч мусофир – қалб бисотини гўё қаландарнинг кашкулидай ортмоқлаб адабиёт оламига кириб келаётган навқирон шоирлар ҳақидаги гапни, эҳтимол шу нуқтада тугатиш мумкиндир. Бироқ бу ўринда ҳали баъзи фикрларни айтиш зарурати бордай...
Эътибор берган бўлсангиз, таҳлилга тортилган шеърлар, ёш шоирларимиз ижодини салмоқлаш асносида, услуб жилоларини нисбатан мукаммал, равшан акс эттирган намуналари орасидан танлаб-саралаб олинган. Чунки, бир мутафаккир айтганидай, услуб – ўзлик демак. Услубсиз шаклбозлик ўқувчини ҳам, шоирни ҳам алағда ўйларга ошно қилади, холос. Шоирнинг ўз овози, ажралиб, фарқланиб турадиган сўз йўли бўлсагина истеъдоднинг бор бўй-басти, қуввати намоён бўлади. Бировга эргашилган, ўзиники бўлмаган йўлда сарсон бўлиш умрнинг ҳам, истеъдоднинг ҳам заволидир.
Кўриб-кузатиб бораман – матбуотда, интернет нашрларида айрим тенгдош ижодкорларимиз томонидан ҳавола қилинган асарлар даставвал маза қилиб ўқилади. Негаки, бундай асарларда жумлалар силлиқ, равон, қофия, туроқ жойида, айтилажак фикр, ғоя бор, аммо шоирнинг хос каломи, “шу шеърни мен ёзганман” дегандай билдиргиси, шеърий “дастхати” йўқ. Мана шундай “арзимас” камчилик туфайли ҳам жуда истеъдодли шоирлар ўртамиёналикдан нари ўтолган эмас. Бугунги манзарага кўз ташлайдиган бўлсак, ёшлар орасида номи юқорида зикр этилмиш ижодкорлар баайни ҳақиқатни аллақачон уқиб, муқаллид-шеърбозликдан чекиниб-тийилиб бораётганини кўрамиз...
Комментариев нет:
Отправить комментарий