Бу майдон ичига бир назар
Матбуот муқаддас минбар, бу минбарга истаган одам чиқиши мумкин, аммо,
оғзига эрк бериб, истаганча қўполликлар қилиши, инсофга чақирганнинг ёқасига чанг
солишига ҳаққи йўқ. Бу олтин қоидалар кеча ёки бугун ўйлаб топилмаган. Улар
асрлар давомида шаклланган ва дунёдаги аксар демократик давлатлар тан олиб, ўз
қонунлари орқали ҳаётга татбиқ этишган.
Инчунун, мустақил Ўзбекистонимизнинг матбуотга оид қонунларида ҳам сўз айтиш, ахборот олиш эркинликлари кафолатланган. Бу қонунлар аввало шахснинг қадр-қиммати, шаън-обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган. Бугунги кунда ахборот олиш ва тарқатишнинг энг илғор усулига айланган интернет оламида бир қатор сайтлар пайдо бўлаяптики, улар билан танишиб, ҳайрону лол бўласан киши. Гўёки уларга миясига нима келса шуни ёзиш, бемаъни, ғализ, тутуриқсиз жумлалар, мантиқсиз сатрлар орқали она тилимизни ҳоҳлаганча беҳурмат қилиш, таниқли шахслар шаънини топташ мумкиндек. Хўш, бу “билимдонлар” кимлар? Уларнинг мақсад-муддаолари қандай? Мазкур мақоламиз орқали юқоридаги саволларга жавоб ахтаришга ҳаракат қиламиз.
Инчунун, мустақил Ўзбекистонимизнинг матбуотга оид қонунларида ҳам сўз айтиш, ахборот олиш эркинликлари кафолатланган. Бу қонунлар аввало шахснинг қадр-қиммати, шаън-обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган. Бугунги кунда ахборот олиш ва тарқатишнинг энг илғор усулига айланган интернет оламида бир қатор сайтлар пайдо бўлаяптики, улар билан танишиб, ҳайрону лол бўласан киши. Гўёки уларга миясига нима келса шуни ёзиш, бемаъни, ғализ, тутуриқсиз жумлалар, мантиқсиз сатрлар орқали она тилимизни ҳоҳлаганча беҳурмат қилиш, таниқли шахслар шаънини топташ мумкиндек. Хўш, бу “билимдонлар” кимлар? Уларнинг мақсад-муддаолари қандай? Мазкур мақоламиз орқали юқоридаги саволларга жавоб ахтаришга ҳаракат қиламиз.
Янги аср бошларида
жадал тараққий эта бошлаган интернет замонавий технологиялар воситасида
ишлайди. Интернетдан тўлиқ фойдаланиш учун техник қурилманинг имкониятларидан
воқиф бўлиш керак. Бундан ташқари, ҳеч бўлмаганда, рус тилини ҳаминқадар
тушуниш керак. Чунки, интернетдаги машҳур манбалар, иловалар, ҳаволалар жаҳон
тилларигагина таржима қилинган. Созламалар ҳам ана ўша тилларда олиб борилади.
Хуллас, бир тарафдан интернет, компьютер даврининг бошланиши, иккинчи тарафдан,
мобил телефонларнинг урчиши инсониятни шошириб қўйди. Бир янгиликни ўзлаштириб
улгурмасингиздан иккинчиси пайдо бўлмоқда, компьютер ва мобиль телефонларнинг
ҳар қандай янги модели бир йил деганда эскириб, аввалгисидан-да мукаммал ва
сервазифа тури тақдим этиляпти.
Хўш, шундай экан, бунинг
қандай салбий жиҳатлари бор, ривожланиш, техник инқилобнинг нимаси ёмон, дерсиз.
Албатта, яхши. Аммо ҳар қандай тараққиётнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари
мавжуд. Тўғрироғи, уни салбий манфаатга йўналтирадиган омиллар хатарли. Мазкур
салбий омиллар оталар ва болалар, оналар ва сингиллараро ришталарни, мулоқот
маданияти ва имкониятини бутунлай янги ўзанга буриб юборяпти. Бундай вазиятда
ёшлар интернетга боши билан шўнғиган, кекса авлод эса нималар бўлаётганини
тушуниб-тушунмай қолаяпти. “Гурунг” деган завқ, ҳаётий дарсхона йўқолиб
бораётгандек.
"Муштум" журнали, 2016 й, №4 |
Авваллари бирон
миллатга баҳо берилганда ёхуд уни ўрганилганда ўша тилда чоп этилган ёки жаҳон
тилларидан бирига таржима қилинган газета-журналлар, бадиий китоблар асос
сифатида кўрилган. Бугун эса жаҳон электрон энциклопедияси (Википедия)да айни
миллатга доир қанча мақола ва манбаларнинг мавжудлиги, маҳаллий сайтларда
янграётган гап-сўзлар, ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар миллатнинг ялпи
савия-даражаси, интеллекти ўлароқ баҳоланмоқда. Демак, миллатнинг асл зиёлилари
– бугун устоз, кайвони мақомидаги забардаст зиёлилар ихтиёрсиз бир равишда,
янгиликларни ўзлаштирмаганлик оқибатида интернет оламида камнамо бўлгани ҳолда,
замонавий технологиялар тилини биладиган, аммо қалб бисоти ғариб, ният-мақсади шахсий
манфаат бўлган кимсалар бу майдон ичра жавлон уриб, гўёки давлатимиз ва
миллатимизнинг юзига айланмоқда.
Шу маънода бугун
мамлакатимизда электрон ҳукуматнинг ривожлантирилиши, ташкилот ва идораларнинг
веб сайтлари ишлаб тургани, эркин мулоқот қилиш имконини берадиган миллий
ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлаётгани ўзбек қалби ва ақлини бор ҳолатида,
бутун салобати билан жаҳонга намойиш қилишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлардир.
Бу ишлар энди-энди изга тушаётган бир пайтда айрим шаввозлар отни қамчилаб,
одамларнинг қизиқишларидан устамонлик билан фойдаланиб, муайян аудитория
тўплашга, ўзининг думбул қарашларини оммага сингдиришга ҳаракат қилмоқда.
Хуллас, гап ўзбек интернет оламида етарлича машҳурликка эришиб улгурган,
минглаб ёшларнинг гапхонасига айланган “sayyod.com” сайти ва унинг муаллифи
Сардор Комилов ҳақида кетмоқда.
Хамир учидан патир
Sayyod.com сайтида ўтган йилнинг сўнгида
Ўзбекистон халқ шоирига ва журналистларга нисбатан анча-мунча тошлар отилди. Сайтдаги
“Чуқурлашганларга чуқурлашамиз”, “Шилинганларники
қонасин” (ном қўйишдаги беҳаёликка
эътибор қаратинг – Б.Қ.) деб номланган материалларни ўқиб, ёқа
ушладик. Фикримиз қуруқ бўлмасин учун блогернинг гапларидан мисоллар
келтирайлик (Бу ва бундан кейинги
кўчирмалар айнан берилмоқда).
“Иқбол ака ё давлат ишини қойиллатсалар ё шеърият билан бир йўсинни
танласалар бўларди. Кимдир айтганди артистни сиёсатга аралаштирма ва
артистни юқори лавозимга қўйма деб. Майлида, сиз артистмассизу тўғрими, сизга
тегиб кетмас ва шоирларга лавозим мумкин бўлса керак. Қариганида харфларни тўғирлаб
ўтирар деб”.
“Очиғи, Иқбол Мирзони мен Иқбол Мухаммад билан адаштирганман. Чунки
санъат оламига кўпроқ номи жаранглаб турадиган
Иқбол Мухаммад танишроқ ва менинг фикримча машхурлик даражасида бу халқ
шоиридан Шахноз хамда хаттоки Якзон хам
машхурроқ”.
“Кечирасизу Ахад Қайюм хазиллашиб ўлдим деганидан бери устозингиздан
машхурроқ))) Худони ўзи кўрсатмасину иккиси бир кунда ўлиб қолган тақдирда хам
Ахад Қайюмни ўлим пиар акцияси сизни устозингизникидан ўн чандон бўлиши аниқ))”
"Муштум" журнали, 2016, № 4. |
Бундай чала-чулпа
иборалар, тутуруқсиз ўхшатишлар, таҳқирли писандалар орқали блогер қандай
мақсадни кўзламоқда? “Билимдон” блогер ҳатто ўзига раддия ёзган
журналист ва бошқа қаламкашлардан ҳам қимматли “маслаҳат”ини дариғ тутмайди:
“Умри давомида харфга тобе ўтаётган аламзада журналистларни аксариятига
маслахатим бошқаларни машхурлигидан эмас, ўзингини қилаётган ишларингдаги
мухимроқ нарсалар устида ишлашни тавсия этаман, яъни ғоялар, изланишлар,
тахлиллар ва элементар мантиқий фикрлашлар. Хеч бўлмаса артистларга шеър ёзиб
бериб машхур бўлиб кўриш”.
Журналистнинг ахволи бу бўлса...хатоларни тузатишда уста
шоир шогирдига энг керагини ўргатмабдида! Э ...ёқворей дипломингни галварс , дердиму, демайман) Дипломда не айб, қанча пул
кетгандир...ўқишига. Йўлкираларига. Қанча қўйлар сўйилмай сотилган экан
десанг?))) Ижарада туришигами...масалан”.
...“Балки бир икки хафталик бозорликка етарлик молиявий рағбатлантириш
хузурини унитази кўрар, зеро унинг зерикарли хатида маъно ва мантиқдан кўра
кўпроқ айнан унитазга лойиқ “словарьный понос”(хуллас увол сўзлар дегандек) дан
ўзгаси йўқ.)”
қоридаги
сўзларни илк бор ўқиганимда кўнглимга, “Блогернинг эс-хуши жойидамикан? Луғат
бойлигини нима учун бунчалар нафратли сўзлар эгаллаган? Нега бунчалар
одамлардан, жамиятдан хафа бу йигит?” деган ўй келди. Кейинроқ бунинг сабабини
англай бошладим.
Сайт “uz” доменида рўйхатдан ўтмаган. Муаллиф
билан икки марта (дастлаб оддий мухлис тарзида, кейингисида журналист эканимни
очиқлаган ҳолда) электрон шаклда суҳбатлашдим. Негаки алоқа рақами тарзида қайд
қилинган телефон рақами билан умуман боғланиб бўлмади. Электрон ёзишмаларимизни
эса бунда келтириб ўтиш, беозор айтганда, одобсизлик бўлур эди. Сўкиниш ва
инсон шаънига ярашмайдиган пастарин сўзларни ёзган бу кимса ўзини эркин ижодкор
санашига нима дейсиз? Эркин ижодкор эркин безбет дегани эмасдир? Кейинроқ унинг
фаолияти билан чуқурроқ танишар эканман, устомонлик ва асл ниятни ҳаспўшлашнинг
ҳаддини олган кас билан юзлашиб турганимга амин бўлдим...
Хуллас, ўз эътирофига
кўра, муаллифнинг бир неча ҳикоялари маълуму машҳур эмиш. Хусусан, “Менингдек
севиб билсангчи”, “Йигитни йиғлатманг”, “Фоҳиша... ёки”, “Сен менинг қотилим,
ширин ажалим...”, “Унутмадим, сен унутдингму?”, “Ҳаром бола қиссаси” каби
узуқ-юлуқ гаплардан иборат тизмалари, муаллифнинг “камтарлик” билан қайд
этишича, аллақачон ёшларнинг кўнгил бисотидан жой олган экан. Ишонмассиз, аммо
бу – ҳақиқат бўлиб чиқди. Сайтнинг кундалик ташриф буюрувчилари, ўқувчилари
салмоғига боқсангиз, Сардор Комиловнинг мухлислари унча-мунча ёзувчининг китоби
ададидан кўплигини кўрасиз. Бу қандай гап ахир, бу ерда қандай “ричаг”лар
ишлаётир? Ҳаммаси оддий, жуда оддий. Шундай бўлдики, бугун 17-25 яшарли
ёшларнинг айни китобхонлик палласи, серзавқ, туйғулари кўпирган пайти сервазифа
телефонлар ва ижтимоий тармоқлар, алламбало сайтлару шоулар гуллаб-яшнаган бир
пайтга тўғри келиб қолди. Бундай шароитга мослашиб, керакли таъсир чоралари
кўрилгунча бўлган оралиқ муддат “саййёд”ларнинг даври бўлди. Шундай қилиб,
ёшлар маълум вақт китобдан узилиб, узоқлашиб, интернет титкилай бошладилар.
Зотан, бизда сўз азалдан қадрланган. Шу боис, ҳар қандай матнни жиддият билан
ўқиймиз. Аммо бу одатимиз кейинги беш-ўн йилда ёшларга панд берди – матнни
ажратмай, сараламай ўқидилар; қизиқдан-қизиқ чиқариб ёзилган, жиноий-эротик
лавҳаларга бой намуналар ёшларнинг қалбига бадиий адабиёт ўлароқ нақшланмоқда.
Мавзуни давом эттириб
айтадиган бўлсак, аслида ҳикоя сарлавҳасининг ўзиданоқ муаллифнинг ғирром
тутумини – интернетга танда қўйган ўсмирнинг хаёлини ўғирлашни кўзлаганини
билиш қийин эмас. Аммо тил эгасиз, қаровсиз боғ эмас, бу маъвонинг заҳматкаш
посбонлари бор, не-не азизлар битта жумла устида қанчалар излангани, энг мақбул
ифода услубини топмагунча тинчимагани бор гап. Аммо, “буюк билимдон”нинг эъжодига
кўз югуртирсангиз, кўнглингиз алағда бўла бошлайди. Марҳамат...
“Фоҳишами ёки...” ҳикоясидан парчалар
“Манимча эркелага бутта осонрок кечади мани тушуниш...
Мисолан бар кафеда битта чиррройли киз билан танишдиз, кетворган, каллага нима келади?
Севгими?
Мана
сизга шу гапизга: "Увахахахаха".”
****
“Демак
танишдик...исми Джамиля..
Русча -
Женя.
Жуда-жуда
чирройли... отаси узбек онаси рус... Метис. Москвалик узи, Тошкентда иш билан ва
кечки пайт дам олгани дустлари билан барда утирарди.
Кейин-чи? Нима буларди кейин, яшай бошладик, так сказать сожительствовали...”
Кейин-чи? Нима буларди кейин, яшай бошладик, так сказать сожительствовали...”
****
“А ман Женяни
севдим дея олмиман лекин каттик яхши куриб колдим... Бир йилча бирга яшадик, бу
орада унинг ёмон тарафлари урушган пайтларда намоён буларди. Маст холда каттик
урушиб колдик, кетвордим...орадан 3 кун утиб «мана санга ташаб кетиш» деб онамга телефон килиб дардини
дастурхон килибди...”
****
“Телефоним маъноли
жиринглади... уйда уже семейный совет!
адам, холам, тогам итп итд...
адам, холам, тогам итп итд...
Узимми
суд курсисида хис килдим... Онам ку майли, жудаям доно инсон...а вот
холлариииим... астофирилло-де..
Отам
касалманд...огир-огир икки гап манга етарли булди...”
Сиз ҳам,
астағфирулло, деб юборгандирсиз.
Сардор Комилов бу
хом-хатала, бетайин гапларини креатив ижод намунаси дея миллионлаб ўзбекларимизга,
ўзбек тилини биладиган дунё аҳлига тақдим қилмоқда. Бу эъжод наъмуналарини
адабиёт оламига дахли бормикин? Уларни ўқиб, ҳазрат Навоий, Мирзо Бобур,
Мавлоно Муқимийлар ашъор битган бой ва ширадор тилимиз бир чаласаводнинг
талқинида қандай аҳволга тушганини кўриб, тепа сочинг тикка бўлади. Худо
кўрсатмасин, ўзбек адабиётига ихлосманд бирор хорижлик ушбу “ҳикоя”ни ўқиб
кўрса, адабиётимизга қандай баҳо берар экан? Тишни ғичирлатадиган ҳолат,
тўғрими?
Sayyod.com – “Оммавий маданият” жарчиси
Бугун
республикамиз зиёлилари “оммавий маданият” хатари қаршисида ягона мушт бўлиб,
ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқдалар. Бу турдаги сохта маданиятнинг бир неча
хусусиятлари бор. У, энг аввало, қизиқарли мавзулардан гап очади. Ўз
маҳсулотларини жуда арзон нархларда, қулай воситаларда тақдим қилади. Вазият
шундайки, етарлича билим ва кўникмага эга бўлмаган киши, нима қилаётганини
бутун моҳияти билан англамаган кимса, беихтиёр “оммавий маданият” жарчисига
айланади. Эътиборда тутиш керакки, “оммавий маданият” ўз-ўзидан, табиий равишда
пайдо бўлган эмас. Ғарбнинг жуда иқтидорли файласуф-олимлари, социологлари
бутун инсониятни қамраб олиши кўзда тутилган бу яширин қуролни бир неча ўн
йиллар мобайнида ишлаб чиққанлар, кичик аудиторияда, мос вазиятларда синаб,
таъсирчанлигини ошириш чораларини кўрганлар ва бу тажрибани давом эттиришмоқда.
Дейлик,
ушбу мақола орқали Сардор Комиловни танқид қилиб фикр айтилди. Ана энди унинг
кейинги “юриш”ини тасаввур қилиш қийин эмас – ўзини жабрдийда санаб баёнот
бериши ёки қарши фикр айтиши, охир-оқибат сайт рейтингини янада кўтарилишига,
Сардор Комилов шахси атрофида ажиотаж уйғонишига олиб келади. Бундайлар ўз номи
қайд этилган ҳар қандай ҳолатдан реклама сифатида фойдаланишга ҳаракат қилишади.
Кенгроқ айтадиган бўлсак, аслида С.Комилов раҳбарлик қилаётган сайтнинг ишлаш
услуби мана шундай. Шоу-бизнес оламидаги жанжалларни, ким ким билан тўшакда
ётиб қўйганию, қайси хонанда шир-ялонғоч расмга тушганини шоён қилиб, кейин шу
мавзу атрофидаги ипирисқи, жирканч миш-мишларни устомонлик билан умумлаштириб,
муносабат билдириб, пировардида, санъат оламидагиларни ўзи билан ҳисоблашишга,
ўқувчиларини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Ахир бу жуда пасткашлик, ғоят ғирром
усул эмасми? Унинг гўёки қаҳрамонлик даъво қилишига туртки берган яна бир усули
шуки, айни кунларда баъзи шахсий ва бошқа иллатлари туфайли эл-юрт назаридан
йироқ тушган, назардан қолган хонанда ва санъаткорларнинг ўзига хос
тарғиботчиси, шинавандаси, тамсилчиси бўлиб гавдаланади. Тасаввур қилинг, бир
аёл хонанда тўйда ётволиб, қирчанғига ўхшаб ағанаб, маст-аластлар даврасида
қорин рақсига тушиб, шу қилмиши туфайли эл-юрт назаридан қолса, лицензиясидан
маҳрум бўлса, давраларга боролмай юрса, орадан маълум вақт ўтказиб, интернет орқали
тарафдор топиши, кўр-кўрга қоронғуда етишганидек, ижод тарғиботларини бошлаб
юборишлари... қандай аталади? Яна денг, булар ҳар икки гапнинг бирида
ҳақиқатдан, санъатдан гап очиб турса... кулгили эмасми?
Мавзуни давом эттириб айтиш мумкинки,
шов-шув кўтаришга интилиш, одамлар тилидаги воқеа-ҳодисани баралла ва тезкор
айта олиш интернет берган қулайлик – бунда ортиқча чиқимсиз, жуда қисқа
фурсатларда ахборотни тарқатиш мумкин. Аммо билиб-билмай, савиясиз равишда
ахборот улашиш, мафкура майдонида яловбардорлик қилишга интилиш душманларимизнинг
тегирмонига сув қуйишдан бошқа нарса эмас, албатта.
Яна антиқа мисол
1 октябр – “Устозлар ва мураббий
куни”да сайтда қуйидаги сарлавҳа билан мақола чоп этилган: “Болаларга неччи ёшдан жазман ҳақида ўргатиш мумкин?” Мақолада
қандайдир бир эртак китобда йўл қўйилган қўпол хато ҳақида фикр билдирилади.
Аммо у қайси нашриётда чоп этилган ва қандай китоб, муаллифи ким экани ҳақида
факт йўқ. Энг ачинарлиси, ушбу мақолани ўқиб, бугун Ўзбекистонда болалар
адабиётининг савияси шу экан, деган хулосани уқасиз. Ваҳоланки, бу китоб қай
бир шоввознинг пул топиш истаги маҳсули экани аниқ. Масалага шундай қараш ва
ёндашиш керак эди. Йўқ. Блог муаллифига булар муҳим эмас. Асосийси, ғаразли
фикрларини айтишга имкон топилган ва байрам кунида, бечора устозларга мутлақо
алоқаси бўлмаган бир манзара таъсирида дилхиралик қилмоқчи бўлади. Унинг
муносабатига эътибор беринг.
“Рости
хам, буни болаларга ўқиб беришни ўзи ғалати... шунақаям дахшатли, тентакона ва
ахмоқча эртак бўладими? Очиғи, наша чакиб олиб хахаха учун ёзилгандек. Вахаха ана яна олтита ахмоқни
лох қилди деб қотиб ёзишганми нима бало...”; “Оддий халқона стильда ёзадиган шу
сайтимга харфютар-харф фаррошлари қанча ғавғо кўтаришадию асл МАЪНО ва
МАВЖУД тарафларига келганида хамма жим! Мавзу ва маъносидаги нишонни хато
олмасам бўлидию тўғрими?”
"Муштум" журнали, 2016,№4. |
Эътибор беринг, муаллиф ғоят
устамонлик билан – бошқа бир мавзуга, ҳали ўзи тўлиқ ахборотга эга бўлмаган
масалага ёндашар экан, гап орасида дийдиё қилади, сўз заҳматкашларини ўзича
калака қилмоқчи бўлади.
Умуман, тарғибот дегани шунақа
бўладими? У ҳолда бутун бошли “Миллий ғоя тарғибот маркази”нинг иши бекор
экан-да? Яхши ниятда ғиж-ғиж хато билан ёзиш, тилни таҳқирлаш мумкинми? Ёки
кунимиз мана шундай тарғиботчига қолганми? Санъатшунос Шуҳрат Ризаев бу хусусда
шундай фикр билдирган эди: “Очиғини айтаман, масалан, одам савдоси,
ақидапарастлик каби иллатлар билан боғлиқ буюртма асарлар пайдо бўлаяпти.
Бундай асарлар яратилиши керак. Лекин улар ўша ёт ғоялардан ўн чандон кучлироқ
қарши ғоя ташийдиган, мустақиллик мафкураси ва фалсафасини етказа оладиган
бадиий юксак асарлар бўлиши зарур. Агар шундай бўлмаса, акс таъсир қилади.
Қарши томон гўёки ғоявий жиҳатдан кучлироқ туюлади...”
Муллолик ҳам даъво
қиладилар
Сайтда, бундан ташқари “Дин” деб
номланган алоҳида бўлим бўлиб, унда муаллифнинг жума куни ирод қиладиган
виртуал нутқлари, қалтис диний мавзулардаги жозиб фикрлари, дунёнинг диний
манзарасига шарҳлари чоп этилган.
С. Комиловнинг “Нега инсонга сажда қилмоқ фаришталарга
буюрилган?”, “Хотима”, “Бефарқлик фожеаси”, “Каъба масжиди имоми ўзбек бўлди”,
“Рамазондан Рамазонгача узоғу қисқа учар кунлар”, “Ислом Сабрни тарғиб этади,
ғазабни эмас”, “Кимни алдаяпмиз? Худоними?” каби сарлавҳали мақолаларида
муаллиф замонамизнинг энг олди “мужтаҳид”и ўлароқ фикрлайди, хулосалар қилади,
ажримлар, тавсиялар бериб юборади. Айрим сарлавҳалардаги мантиқий ва стилистик
хатолар ҳақида эса ўйлаб ҳам ўтирмайди. Муҳими, ният яхши, менда фикр бор ва
ҳоказо ўйлар унинг йўлчи юлдузи бўлган. Ҳой, банда, сенинг бундай хом-хатала
гапларингни кимга кераги бор? Нега муллолик даъво қиласан, десангиз, бу менинг
шахсий фикрларим эди, деган бақироқ овоз келади.
Тўғри, ҳар бир инсонда фикрлаш истаги,
даражаси, қуввати бор. Аммо ана ўша фикр, мулоҳаза оммага, кўпларга тақдим
қилинаётганда бундай йўл тутилмайди. “Булар менинг шахсий фикрларим”, “Шахсий
кузатувларим” қабилида қора парда ортига ўтиб олиш, айтилган сўз масъулиятидан
қочиш, сайт очиб, одамларга ахборот тарқатишни касб қилган “журналист”нинг иши
эмас.
Яхши биламизки, исломий илм
талабига кирган бир киши қуръон тафсир қилиб, ҳадис шарҳлаб, масала ечиб,
мужтаҳид даражасига етгунча ғоят узоқ йўл босиб ўтади. Юртимизда бундай
олимлар, уламолар азалдан етарлича етишиб чиққан ва бугун ҳам шундай. Кейинги
вақтларда интернет оламида юзага келган диний мавзу атрофидаги баҳс-мунозара ва
нораво даъватларга қарши туриш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси
тасарруфидаги масжид ва мадрасалар, машҳур уламолар ўз сайтларини ишга
туширдилар. Машҳур алломаларнинг шарҳлари, тафсирлари электрон шаклда оммага
тақдим этилмоқда. Эътибор берсангиз, уламолар ҳам бирон мавзу атрофида фикр
юритиш, ечим, хулоса айтишдан аввал ўнлаб далилларга, мўътабар манбаларга
мурожаат қиладилар. Ўз фикрларини, хулосаларини жуда камтарлик билан, одоб ва
андиша билан айтадилар. Аммо С. Комилов диний мавзуларда шу қадар бемалол ва
эркин, гўё шайхулислом каби сўзлайдики, буниси энди юртимиз уламоларига
нисбатан беписандлик ва беҳаёликдан бошқа нарса эмас.
Ношуд бошлиқ ва сохта мухбир гурунги
2015 йил 25 ноябрь санасида
сайт раҳбари “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг лицензия бўлими бошлиғи Одилжон
Абдуқаҳҳоров билан уюштирган суҳбатнинг видео турини тақдим қилган. “Ўзбекнаво ваколати тушунарсиздек”, “Нега
"Ўзбекнаво"ни Телевидение менсимайди? Нега "Ўзбекнаво"ни телевидениега
гапи ўтмайди?” каби оташнафас иборалардан кейин, қизиқишим ортди, суҳбатни
кўрдим. Дастлабки саволдаёқ давлат тадбирларини танқид қилишни бошлаган сайт
раҳбари Сардор Комилов кейинги ўринларда ҳам истаганча провакацион саволлар
билан, гўёки қаҳрамонона тарзда “Ўзбекнаво” мутасаддисини ўнғайсиз вазиятга
солмоқчи бўлади. Бу ўринда эътиборни чалғитадиган, ғаразли ният шуки, тадбирлар
пайтида ҳисобга олинмаган, аввалдан режалаштирилмаган вазиятлар туфайли
умумхалқ байрамининг нуфузи, унга хизмат қилган кўплаб инсонларнинг меҳнати
атайлаб қадрсизлантирилган. Нега фалончи саҳнага чиқмади, нега фалончи қўшиқ
айтди, деган саволларнинг моҳиятига эътибор қилсангиз яна ўша гап – давлат
тадбирлари нега креатив бир ракурсда ўтказилмади дегандай иддаони англайсиз.
Аслида ҳар қандай
давлатнинг ўзига хос ва мос қадриятлари, миллий маросимлари бўладики, йиллар,
асрлар давомида шаклланади, олий даражадаги меҳмонлар учун мўлжалланади,
умуман, бундай маросимлар ривожланган давлатларда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам
шоу тарзида ўтказилмайди. Миллий маросим миллий удумлар ва кийимлар жўрлигида, фалсафий
мезонлар негизида ўтказиб келинади.
Хуллас, суҳбатнинг
давомини тингласангиз, сохта журналист ва нўноқ мутахассиснинг олди-қочди
гаплари. Аммо муҳокама қилинаётган масала миллатга дохил, ўзбек санъатига доир.
Очиғи, сайт раҳбарининг ҳар қандай саволига расмий йўсинда, аниқ ва лўнда жавоб
берса бўлар эди, бироқ суҳбатдошнинг ўз вазифасига лоқайдлиги ва мафкура,
маънавият борасида етарлича билимга эга эмаслиги сезилиб қолади. Оқибатда бир
ношуд мутасадди тимсолида интернет оламида ўзбек санъати ва унга хизмат
қилаётган кўп сонли инсонлар шарманда бўлган. Узоқ-яқиндаги “дўст”ларимизнинг
заҳархандаси, сассиқ гаплари учун етарлича асос туғдирган. Интернетга – дунёга
сўз айтаётган одам ҳар бир гапини ўйлаб гапириши, давлатимизнинг,
миллатимизнинг нуфузига доғ туширмаслиги керак эди...
Ёндашув муҳим
эмасми?
"Муштум" журнали, 2016, №4. |
Sayyod.com
сайти хусусида мен ўз
шахсий қарашларимни, муносабатимни билдирдим. Шу ўринда ҳамкасбим – журналист
ва блогер Санжар Саиднинг мулоҳазаларини ҳам келтириб ўтишни лозим топдим. Зеро
Санжар Саид ҳам миллатнинг зиёли бир вакили сифатида Сардор
Комиловнинг ҳатти-ҳаракатига жуда ўринли баҳо берган:
“У на
блогер, на журналист. Қушлар олдида ўзини парранда, ҳайвонлар олдида эса
дарранда дейдиган кўршапалакка ўхшатаман. Мен оддий фуқароман, ўз шахсий фикримни айтаяпман, деган
гап-сўзларнинг ортига бекиниб олиб, ўн минглаб интернет фойдаланувчиларининг
онгига саводсизлик, ношудлик уруғини қадаяпти. У ўзини қанчалар ҳақиқатгўй,
маданият ва санъат пешвоси сифатида кўрсатишга уринмасин, фақат ва фақат ўз
шахсий манфаати, ғарази йўлида замонавий технологиялар, интернет
имкониятларидан унумли фойдаланаяпти. Ким бўлишидан қатъи назар, ўзидан бошқа
одамларга маълумот, ахборот тарқатаяптими, у барча қонунларга, улар хоҳ
ёзилган, хоҳ ёзилмаган бўлсин, бўйсуниши шарт. Қизиқ, шу пайтгача нима сабабдан
унга нисбатан керакли чора кўрилмади? Ёки тилимиз софлиги, маънавиятимиз
бутунлигига катта раҳна солиб турган бу чаласаводнинг калишини тўғирлаб
қўядиганлар йўқми? Нима, она тилимизнинг бу каби аянчли кимсалар қўлида хор
бўлаётганини жим туриб кузатаверамизми?”
Журналистиканинг олтин
қоидаларидан бири шуки, бу майдонда от сурган киши тарғибот билан янгиликнинг,
ахборотнинг фарқини билиши керак. Журналистикада ҳақиқатга нисбатан ёндашув
мутлақо бошқача, бунда энг муҳими давлат ва миллатнинг бирлиги, якдиллиги,
тинчлик ва тотувлик. Қуйида буни тушунтиришга ҳарақат қиламан.
Бирон
жойингиз оғриса докторга борасизми ёки кўчага чиқволиб касалман, вой-доо-оод
деб бақирасизми? Жимгина докторга борилади. Жамият ҳам яхлит организм ўлароқ,
ундаги табиий касалликни, айтайлик, ривожланиш, тараққиёт билан боғлиқ
муаммоларни, шунинг баробарида, “дўст”ларимиз томонидан сунъий равишда
урчитилаётган муаммоларни айтиб жавраган киши ҳақиқатпараст қаҳрамон бўлади, а?
Афсуски, бу бетайин хулоса кўпчиликнинг фикру ёдини ишғол этган. Киши ўзининг
соғлом, тетик руҳини, ҳолатини дўсту душманлари олдида сездирмай юриши қанчалар
тўғри бўлса, жамиятдаги кирдикорлар ҳақида бўлар-бўлмас шовқин солмаслик ўзбек
матбуотининг фазилатидир. Ўзбекистон ўз
муаммоларини ўзи ҳал қила олади. Бу ишлар билан тегишли маҳкамалар,
органлар шуғулланиб келишмоқда. Аммо биз матбуотда, телевидениеда бўлар-бўлмас,
ижтимоий характердан кўра кўпроқ шахсий иллатга дахлдор муаммоларни бонг урсак,
қай айёр рақиблар доктор, табиб ролида кўриниш беришлари аён-ку! Шундай
имкониятни кутиб турганлар камми?.. Яхшилаб ўйлаб кўрилса, узоқ ва яқин
давлатларда кечган инқилобий ҳаракатлар, даҳшатли қон тўкишлар ана ўша сохта
ҳақиқатталаблар қўли билан амалга оширилди. Одамлар қандай миссияни бажаришга
хизмат қилиб қўйганларини тушунганларида эса кеч бўлган эди...
Комментариев нет:
Отправить комментарий