Фозил Фарҳодга
Салом, қадрли Фозилжон! Ардоқли журналимиз берган имкониятдан фойдаланиб, баъзи таклиф ва мулоҳазаларимни ифода этишга тараддудланар эканман, даставвал эпистоляр жанрга бўлган ҳурмат-эҳтиромингизни хотирга келтирдим.
Ҳаққаст рост, тенгдошлар орасида мактуб ҳақида бадиий ҳамда публицистик оқимда кўп ва хўп қалам тебратаётган ёзарлар камнамо. Хусусан, сизда бунинг ғирт акси – чўнтак телефони орқали ҳам, электрон манзилда ҳам, ижтимоий тармоқда ҳам, журналда ҳам бу қадим ва кўҳна жанр ҳақида илиқ-иссиқ, жўяли гапларни айтиб келасиз. Булар майли, баъзан ярим тунда қўққисдан телефон овоз берса, сезаманки, ўша – сиз, қаердандир бир соҳир сўз топгансиз, ҳаяжон руҳи ҳоким бўлиб, кўнгил мавжланиб турибди. Ўрганиб қолдим...
Кейин, баҳслашишга мойиллигингиз, ўжарлигингиз аллақачон овоза бўлган – ҳар гал бу мунозараларда сиз устун чиқасизки, охир-оқибат тортишишдан безиб, иккала қўлни баланд кўтарган кўйи тарки машварат қилишга тўғри келади. Таниган-билганлар айтсин – жаноблари билан тортишишдан кўра гапни қисқа қилиб, мавзуни ўзгартган афзал. Аммо... бошқа томони ҳам бор – позициянгизда қатъий туришингиз, агарчи таклиф мақбул бўлса ҳам, йўқ дея оёқ тираб, қарашларингизни афзал кўришингиз баъзан фазилат, аксаран иллатдек туюлса-да, э, бор-э, дея аразлаб кетсам-да, уч-тўрт кунни оралатиб, яна ҳаяжон билан алланималарни тортишгиси, бегидир ўжарлик билан юзлашгиси келади одамнинг. Характерсиз, сип-силлиқ, мулойимсупургилар қабатида мана шундай қабариқ типларнинг бўлгани яхши, менингча.
Иштибоҳ шуки, ушбуни ўқиётиб, ёзган-айтганимизни зўр фазилатга эвириб, янада руҳланиб, принципни нокерак ўжарлик билан чалкаштириб юбормасангиз...
Сирасини айтганда, меҳнат зое кетгани йўқ. Ниҳоят, бировнинг унча-мунча ёзганига тан бермайдиган синчков дўстимиз лутф қилдики, “Агар сафимизда кимдир бўйидан баландроқ сакраётган бўлса, у – Фозил Фарҳоддир”. Бу гап кесатиқ ва ёки мужмал эътироф эмас, очиқ кўриниб турган ҳақиқат.
Кези келганда батафсил мақола ёзарман, аммо ҳозир умумий гапларни мухтасар қилиб, кўнглимдаги баъзи мулоҳазаларни баён қилсам. Мулоҳазаларга материал – кейинги ёзганларингиз, газета ва журналда чоп этилган ижодий намуналар, “Биринчи китобим” лойиҳасида дунё юзини кўрган ҳикоялар эканини айтиб ўтмоқчиман.
Аксарият ҳикоялар чоп этилган кунларни яхши эслайман. Ўшанда сиз – муаллиф бир олам қувонч ва ҳаяжон оғушида кўпирган, гап бундай бўпти дегандай соддадиллик билан яйраган эдингиз. Уларни бирма-бир такроран ўқиб чиқар эканман, ўша лаҳзалар хаёлимдан ўтди. Жўрамиз бежиз севинмаган экан, севинишга арзийдиган битиклар бўлган экан, дейишга жазм қиламан. Эътибор бериб қарасам, мухбирман деб кўкракка уриб, ҳар нима ёзавергандан кўра камроқ эса-да, бўладиган гапларни айтган дуруст экан...
Мен адабий таҳлилнинг бошқа йўлларини, усулларини инкор этмаган ҳолда, онтологик таҳлилга мойилроқман. Бу тарз таҳлилда моҳият, баён фалсафанинг кўҳна масалалари билан бақамти текширилгани учунми, муаллиф “мен”ини, “имплицит”ни (адибнинг тасаввуридаги ўқувчини) кўриш, давру давронни кенгроқ олиш мумкин бўлади, деб ҳисоблайман. Шу маънода, дунёни англашга интилиш ғояси негизида ёзганларингизга назар ташлайлик.
“Кутилмаган мактуб” деган ҳикоянгизда бир олам орзулар билан яшаётган мурғак қалбнинг кечинмалари тасвирланган. Ширингина битик бўлган, фақат у ҳали ҳикоя ҳолига етмаган. Тасвирланмиш манзарада, яъни айсбергнинг бизга кўринган қисмида ҳикоя учун материал бўладиган деталлардан фойдаланилмаган. Қуруқ баёндан иборат публицистик фикр оқими бор, холос.
Иштибоҳ шуки, бу асарни қачондир яна қўлга олиб, сайқал берган ҳолда, ҳикоя шаклига келтирасиз.
“Бечоранинг чораси”, “Шиша”, “Жетон” ҳикояларида, умумлаштириб айтганда, виждон образ даражасига кўтарилади. Бу ҳикояларда виждонли бўлиб яшашга тиришаётган замондошларимиз, қалб амрига кўнаётган кишилар қиёфаси бор. Қалб амри, деймиз, ўша қалбнинг ўзида нелар қоим, виждонга татийдиган хосият борми, ўзи? Савол шундай, масала шундай. Бироқ адабиёт бутунлай ўзга олам, унда саволларга жавоб берилмайди, аксинча, ўқувчилар олдига жуда катта савол қўйилади. Савол ўқувчидан эмас, асарнинг ўзидан, муаллифдан бўлади. Кейин ўқувчи ўша фусункор олам хаёли билан яшаб, ижодкорга инкор ёки изҳор айтади.
“Жетон”да сўзпарастлик билан умрини ўткараётган икки дилкаш йигитнинг асли нималарга қодирлиги кузатувга олинган. Қалби улуғвор режалар билан тўлиб-тошаётган ҳикоя қаҳрамонларининг ҳаётда қаҳрамонлик қилишга қодир эмаслиги, уларнинг бахтими, фожеасими – билмайсиз. Андишалар билан қоврилаётган расо одамга яшаш нақадар оғирлиги абсурд хаёлларга элтади. Ана шу хаёллар, худди шу кайфият қачондир, қаердадир айнан шу шаклда ёйинки бошқачароқ тарзда бошимиздан ўтган. Кимдир бу курашда енгган ва ёки енгилгандир, лекин бунда ўша курашнинг ўзи, жараён қизиқ. Ёзувчи айнан мана шу паллани тасвирлайди. Бошқа тафсилот йўқ. Агар бошқа тафсилот ҳам бўлганида ҳикоя қаҳрамони сизу биз – ўқувчининг ўзи бўлмас эди, унда ўзимизни кўрмас, танимас эдик...
Иштибоҳ шуки, адабиёт воситасида инсон қалбини тафтиш қилаётганда барибир аёвли бир тарзда ёндашган, сўзларни имкон қадар нафис бир шаклда қўллаган авло эканини ўйлаб кўрсангиз.
“Амалкурси” номли ҳикоянгиз эса ўз вақтида “Ёшлик” журналида чоп этилган, давраларда ҳийла тилга тушган эди. Мен бу ҳикоя ва унинг атрофида бўлган гапларни қайтариб ўтирмай, мажозий бир суратда мулоҳазамни билдирмоқчи эдим.
Биласиз, гулхан гуриллаб ёнганидан кейин чўғ қолади, бир муддатдан кейин кулга айланиши тайин, бу чўғнинг айни ҳолати гўзал. Айниқса, лахчачўғнинг бозиллаб, шафақ рангига кириши, рангларнинг қоришиб кетиши, кафтингизни тутсангиз тафт бериши завқли. Буни қишлоқда ўсганларгина эмас, гулхан атрофида бир марта бўлсин суҳбат қурганлар яхши билади. Одамзотнинг қалбида тушуниксиз бир сабабга кўра ана ўша чўққа маҳлиёлик, талпиниш бор. “Юрагида чўғи бор” ёки “Чўғи қанча ўзи”, “Ўзингни ўтга-чўққа ураверма” деган иборалар тилимизда кўп ишлатилади. Умуман, чўғ деган истилоҳни қай ниятда қўлласангиз, шундай товланади, маъно алмашаверади. Шу маънода, фикримча, “Амалкурси” ана ўша – бозиллаб, дам қизил, дам сариқ, дам зангор тусланиб турган чўғдай таассурот қолдиради. Фикримча, бу асар аниқ бир сабабга кўра ёзилган; шунчаки эрмак учун, кел, менам бир кўриниб қўяй деган мақсадда қоғоз қораланган эмас. Шунинг учун ҳам ҳикоя эълон қилиниши билан сўзлар чўғдай бозиллаб, кимнингдир қаеринидир куйдиради ва яна кимгадир тафт беради, ҳузур беради. Озроқ ўтганидан кейин бу гап-сўзлар тиниб, койишу ройишлар тарқагач, асарни яна бир ўқисангиз такрор ҳузурланасиз. Энди ҳикояларда биз таниган-билган, ён-веримизда юрган одамлар эмас, аниқ бир типлар, замондошларимиз кўрина бошлайди. Модомики, шундай бўлиб чиқмас экан, ёзувчининг оддий баёнчидан, воқеанавис-публицистдан фарқи қолмайди. Ўқиганим бор, машҳур Дантенинг “Илоҳий комедия”си ҳам ўз давридаги айрим хешларига қарата ёзилган экан. Бироқ орадан асрлар ўтди, воқеалар унут бўлди, асар эса ҳамон яшаяпти. Нега? Чунки унда аввало бадиий кўрим бор, ният тоза, асарнинг қат-қатларида ўлмас фалсафа яширин. Мен Данте билан сизни тенглаштирмоқчи эмасман, фақат шундай тажриба дунё адабиётида ҳам, ўзимизда ҳам мавжудлигини айтмоқчиман, холос. Бехавотирроқ бўлсин учун мисолни жаҳон адибларидан олдим. Алалхусус, шу маънода, кўрганимиз-кузатганимиз “Амалкурси”, шу йўналишдаги айрим ҳикояларингиз ва унинг хўп ажаб қаҳрамонлари бугун ҳам, эртага ҳам орамизда яшайдиган, бизга, айнан ўзимизга ўхшаш одамлар. Муҳтарам ўқувчиларга айтамизки, аразга, гинахонликка ҳожат йўқ – сизу бизнинг ўйларимиз, феълимиз, айтган-нетганимиз ёш носирга туртки бўлган, холос... Демоқчиманки, асарнинг муайян воқеаларга ёхуд бир давргагина боғланиб қолмагани истеъдодли одамларга насиб қиладиган бахтдир.
Иштибоҳ шуки, мана шу бахтнинг қадрига етиб, навбатдаги асарларда бадиий ниятнинг беғубор бўлишини таъмин этсангиз...
“Юмшатиш белгиси”, “Миқнотис”, “Кўклам куйи” сингари ҳикояларда ҳам давр билан юзлашиб, сўзлашиб яшаётган замондошларимизни саҳнага олиб чиққансиз. Эътиборлиси, бу одамлар Марсдан тушгандек таассурот қолдирмайди, таниш, жудаям таниш сиймолар, чеҳралар, қалблар... умуман, бугун, шу дамда қаердадир иш билан банд ақраболар тақдири қаламга олинган. Хусусан, “Юмшатиш белгиси”да мискин хаёллар билан яшаётган руҳсиз ва қиёфасиз кимсани тасвирлар экансиз, қиссадан-ҳисса, алалоқибат айтилажак фикр, бадиий ният-мақсад сезилмайди.
Айтиб қўяй, бу уч асар икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаши, ҳикоя йўли, услуби, баён тарзи яқинлиги билан эътиборни... нима десам экан..., тортмайди, аксинча, ғашга тегади. Гап асар тили, бадиий услубнинг мавжуд-мавжуд эмаслиги устида бораётганини тушуниб турибсиз, албатта. Хўш, очиғини айтганда, назарда тутилаётган жиҳатлар ёзганларингизда борми?
Дейлик, “Жетон”да жумлаларни ёйиб, бош ҳарфлар билан ёзиб, тиниш белгиларидан эмин фойдаланиш ҳисобига шаклий ранг-барангликка бир қадар эришгансиз. Аммо кейинги битикларда бу услуб давом эттирилмади, бир қарашда равон ва силлиқ туюладиган, аслида, каттароқ, асилроқ тарозида ўлчанганда, бадиий жозибадан йироқ газетачилик, мухбирлик равиши устун келди. Нега бундай бўлди? Услубсизлик гирбодига тушиб, ўқувчини воқеа ортидангина эргаштиришга интилишни қандай оқлайсиз? Бу йўлнинг навбатдаги бекатларида сизни нималар кутиб турганини биласиз-ку, дўстим!
Бир пайтлар сиз билан тонготар суҳбатлар қуриб, адабий жараённи калтабинларча танқид, таҳлил қилганларимиз ёдингизда бўлса керак. Ўшанда тилимизда, дилимизда бир гап бот-бот айланар эди. Яъники, катта адиблар, миллатни уйғотган шахслар аввало моҳият ҳақида ёзишган. Баёнчилик қилган тақдирда ҳам, ҳикоянавислик тарзида ҳам охир-оқибат моҳиятга имо бор, ишора бор.
Иштибоҳ шуки, галдаги асарларингизни қўлга олганимизда, бори баёни маиший ва шахсий муаммолар экан, деган фикр эмас, умуминсоний оғриқ, башарий ҳислар ҳақида, сарин туйғулар, нурли чеҳраларга доир зап асар битибди, деган ўйлар туғилса...
Шу йўлда Сизга сабр-бардош, мувафаққият тилаб,
Беҳзод Қобул
Комментариев нет:
Отправить комментарий