пятница, 12 августа 2016 г.

МАНЗАРА

Тун. Янги кун энди бошланди... ТВ да одам савдоси ҳақидаги аллақандай кино кетаяпти. Ўхшаш сюжет, янгилик йўқ, мавзу увол...

Чекким келаяпти. Сигерат нариги уйда, чиқиб келиш керак. Эриндим.
Укамни – Шаҳзодни соғиндим. Шаҳзод қоронғудан қўрқарди. “Ёронғи”да ўтирайлик дерди. “Ёронғи” деган сўзни у ўйлаб топган. Кундузи, ёруғ деган маънода. Ўшанда кулганмиз, билимтой миқтини суюб алқаганмиз. Кейин у вафот этганда, қабрга қўяр пайтида энди қоронғуда бир ўзи қандай қолади, деб эзилганман. Жонсиз бўлса-да, руҳсиз эмаслигига, қабр ҳаёти борлигига, кузатгани келганларни олислатиб, қоронғу уйда кўз очишига ишонамиз-ку ахир, тўғрими? Нега шундай?..  
Ичим қизиб кетаяпти. Уйимизнинг аллабир қабатларида қаровсиз ётган кийимларини ҳидлаб-ҳидлаб йиғлагим келаяпти. Дарвоқе, кийимлар...
Укам оламдан ўтганда, орадан бир-икки кун ўтгач, таомилга кўра, кийимлари тўпланиб, яхшилаб ювилди. Кейин улар тахмонда анча вақт турди. Ўтган-кетганимда кўзим тушарди. Аммо қишлоққа ҳар борганимда раҳматлининг кийимлари турган жойлар ўзгариб қолганини кўрардим. Дастлаб уйда, тахмонда, кейин ошхонада турди. Бу орада унинг футболкалари, кроссовкаси онамнинг илтимоси билан олиб кийилди, жиян-укаларга тарақатилди. Шерзод иккаламиз ҳам раҳматли кенжамизнинг айрим энгил-бошини кийдик.  Тўзитдик. Ошхонада, бир четда, шкаф устида турган беш-олти кийим-кечак ҳам кўринмай қолди. Сўраш ноқулай бўлди. Ярани янгилашдан оғир гуноҳ йўқ. Бу вақтларда тезроқ тикланиш ва руҳланишга ҳаракат қилардик. Орадан бир-икки йил ўтганда, кўнгил сўраганлар кўзимизга душмандек туюлиб кетди. Айниқса, онамдан кимдир кўнгил сўраса, қасди бор одамдек таассурот қоларди бизда. “Тўкилиб бўлган одамни яна силкиб-титратиб нима қиласан, банда?”, дердим ич-ичимдан ғижиниб...
Бирор йиллардан кейин раҳматлининг кийимлари турган жой яна ўзгарганини пайқадим. Ўша куни уйимизда қандайдир тадбир бўлаётган эди. Ҳозир эслолмайман. Пиёзми, картошками олиш учун омборга кирдим. Хизматини ўтаб, тўкилиб кетай деб турган болалик йўлдошим – эски шкаф ҳам урила-сурила омборга бориб қолибди. Унда ҳар нарса бор эди, хусусан, оҳори тўкилган, эскирган латта-путталар... Шкаф ичидаги увадаларни қўлга олдим. Қачондир байрамга, тўйга, ошга, ишга кийилган эски-тускилар. Чанг босган. Фақат шкафнинг пастки қисмида, энг бурчагида чанг босмаган, афтидан яқинда кимнингдир қўли теккан уч-тўртта майка, кўйлак, футболка, шим турибди. Тахлам устида, шкафнинг унга ёндош жойларида қўл излари қолган. Қалин тортган чангни артмай, кийимларнинг ўзигагина қўл теккизиб кетган одам ким бўлиши мумкин? Кийимларни танидим. Раҳматли укамни, укагинамни иси келарди улардан. Яхшилаб разм солгач, ора-сирада кийимларни силаб-сийпалаб кетаётган одамнинг кимлигини ҳам билдим. Аввалига чанг юқига термилиб, отамнинг қўл изи бўлса керак деб ўйлагандим. Кейин шкаф билан раҳматли укамнинг кийимлари туташган жой униқиб, ейилиб кетганини кўрдим. Ҳа, бу онамнинг иши! Фақат онам худди боласининг бошини силагандек ҳар куни келиб, марҳум ўғлининг кийимларини силаб-сийпалаб кетиши мумкин... Мен бу манзарага дахл қилишни истамадим. Ортиқ ҳеч нимага тегмадим. Ерни пайпаслаб, бўш яшикни топдим. Тўнкариб, устига ўтирдим-да, чанг босган эски шкаф қаршисида тўйиб йиғладим.
*************
Унинг энг охирги сурати

Комментариев нет:

Отправить комментарий