Талаба халқи китобга, адабиётга ташна бўлади. Айниқса, филология, журналистика факультетида таҳсил олаётган ёшларнинг қўлида, ёстиғининг тагида, сафархалтасида, қўйинг-чи, фикру ёдида китоб бўлади. Аниқроғи, шунга мажбур бўлади. Йўқ, мажбур қилишади…
Миллий университетга, филология факультетига ўқишга кирган фараҳли кунларни яхши эслайман. Қувончдан бошим осмонда эди! Кейин сабоқлар бошланди. Ў, ҳар домлалар-ки, ҳайбатидан от ҳуркади! Салобат билан қадам ташлаб келаётган устознинг ёнида шўрлик аспирант, қўлида домланинг умри бадалида йиққан “танланган асарлар”и – маърузалар, маърузалар учун эслатмалар, узуқ-юлуқ қоғоз парчалари ва… рўйхат!
Аудиторияга кирибоқ, домламиз талабаларга ғолибона нигоҳ ташлайди. Кейин ҳар сместерда, ўзи таълим берган, турли даврларда ўқиган талабаларга айтилавериб, ёд бўлиб кетган машҳур гапларини қайтаради:
– Хў-ўш, энди гап бундоқ. Мана бу ерда бир дафтаргинам бор. Кимки, биз тавсия этган адабиётларни ўқиб, фикрини айтмаса, дангасалик қилса, ўқидим деб алдаса, унинг аҳволига ҳавас қилмайман.
Бўлди. Асосий гап – шу. Кейин рўйхат курсбоши орқали талабаларга тарқатилади. Рўйхатми? Ўҳ-ўҳ! Бунда ўзбек адабиётининг “даҳшат” адиблари бор. Албатта, сиёсат учун Навоий бобо, Қодирий, Чўлпон ҳам домламизнинг талабаларга мажбурлаб, ўз таъкидича, азбаройи уларнинг келажаги ўйлаб ўқитадиган китоблари рўйхатига киритилган. Аммо…
Шу “аммо”ни ёмон кўраман-да! Алқисса, чопа-чопу ўқи-ўқи билан таҳсилни тугатдим. Ва, нашриётга ишга бордим. Кимсан – ўзбек адабиётини сув қилиб ичворган ёш мутахассисман. Негаки, шуларни ўқисанг, адабиётни тушунасан ёки адабиёт дегани мана шу бўлади қабилидаги ялтироқ гаплардан сўнг, ўша тавсия этилган китобларни хатм қилган, мана, биз бўламиз-да!
Афсуски, домламиз ҳам, унинг китоблар савдоси билан шуғулланувчи ўнг қўли – аспирант оғамиз ҳам энди йўқ. Расмона иш, расмона адабиёт билан рўбарў келиб турибман. Бошлиғимиз анча инжиқ, адабиётни нозик тушунади. Кейинги эллик-олтмиш санада ким нима ёзгани-ю, ёзмоқчи бўлганигача билади. Кимларни ўқигансан, дейди ажойиб кунларнинг бирида ҳозирги адабий жараён ҳақидаги дўндириб ёзган мақоламни ғижиниб таҳрир қилаётиб. Дарров заҳматкаш домламиз ва шўрлик аспирант ёдимга тушади ва кўзни чирт юмиб, санамоққа тушаман: Фалончиев, Пистончиева…
– Хўш? – дейди муҳарриримиз кўзойнаги остидан боқиб. – Айнан қайси асарларни ўқигансан, бўтам?
Яна ўша қадрдон рўйхат бўйича ўқиганларимни шариллатиб айтаман.
Ҳозир, мана энди ўтириб ушбу мақолани ёзаётганимда, муҳарриримиз билан бўлган дастлабки суҳбатдан бир-икки сана ўтгач, ҳали-ҳануз нега ўшанда Бош муҳаррир менга астойдил дакки бермади, деб афсусланаман. Балки, ўшанда жиддийроқ танбеҳ эшитганимда, ўзимни, манови кераксиз, яроқсиз адабиётларни ҳижжалаб ўқиб, уларни мезон билиб, адабий жараёнга нигоҳ ташлаётан қалбимни қутқариб қолармидим, деган аламангиз ўйларга бериламан. Ишонинг, бугун менга бирортаси ўша рўйхат ва ўша маълум асарлар ҳақида гапирса, боз устига, журналистика, адабиёт майдонига кириб келишга чоғланаётган ёш мутахассис бўлса, сира иккиланмай, тепкилардим. Ҳей нодон, ўз ақлинг, виждонинг йўқми эди? Нетиб бу гуруҳга, анови домламизнинг таъсирига тушиб қолдинг? Кўзингни оч, яхши асарни бу тахлит тарғиб этмайдилар, деган бўлардим.
Китоб дўконларига кираман. Ялт этиб, рўйхатдаги адибларнинг китобига кўзим тушади. Олиб ўқийман. Ўҳ-ўҳ! Узундан-узоқ сўзбошилар! Қарангки, ардоқли домламиз китобнинг аввалида марҳабо, мана бу соф адабиёт, ўқинглар, эй менинг собиқ ва содиқ талабаларим – салафларим, дея доно маслаҳатлари билан ялтиллаб турибдилар!
Демак, рўйхат яна сал узайган.
Ёш истеъдодни талабалик чоғиданоқ узоқ-узоқларни кўзлаб ўз гуруҳига қўшиш, кейин уни собиқ талабаси меҳнат қилаётган нашриётга ишга жойлаштириш, телефон қилавериб, муҳаррирларни азоблаш, бир амаллаб ишга жойлашган талабанинг келажагини оталиққа олиш, бир парча китоби чиқса кўкларга кўтариш, қулоч-қулоч тақризлар уюштириш (ёзиш эмас, айнан уюштириш, чунки, битта тақриз камлик қилади, салафлар, шогирдчалар катта-кичик газета журналларда ҳамду сано ёғдиришади) кампанияси бошлашади. Алқисса, талаба шўрлик бир кун келиб тап-тайёр арбоб бўлиб етишади. Хос арбоб!.. Буёғи ўзингизга маълум: тегирмон гардиши айланишда давом этаверади – бояги-бояги…
****
“Домла, яқинда ҳозирда сизнинг талабангиз бўлган укам билан суҳбатлашдим. Рўйхатингизга мениям тиркаб қўйибсиз. Илтимос, бундай қилманг?! Мен сиздан жуда қўрқаман! Майли, китобларимга қўш-қўш тақризлар чиқмасин; майли, талабалар “ютоқиб” ўқимасин; майли мен ҳақимда магистр шогирдларингиз диссертация қораламасинлар – мен ўзлигимча қолмоқчиман. Бу “ғамхўрлик”нинг бадалини тўлайдиган сўқир виждон, афсуски, ғойиб бўлди! Мен энди-энди асл адабиётни таний бошладим. Сизнинг чучмал мантиғингиз таъсиридан қутилдим. Китоб ёзувчилар, тақризчилар, уни маъқулловчилар, эринмай, ҳафсала билан чапак чалувчи чапакчилардан иборат лак-лак армияни бошқариб турибсиз. Сиздан қўрқаман, домлажон. Лекин раҳм қилинг?! Мендан сиз ўйлаган ёзувчиям, муҳаррир ҳам чиқмайди! Арбоб бўлгулик феъл ҳам йўқ. Бирдан бир фазилатим – китоб ўқишни севаман. Шунга халал берманг. Тағин рўйхатдан чиқолмай, “умр ўтиб кетар экан бир нафасда, ҳей,” дея доғда қолмайин…”
Комментариев нет:
Отправить комментарий