пятница, 12 августа 2016 г.

“ҚОҚИЛИБ ТЕМИР ЙЎЛ ШПАЛЛАРИГА...”

Иккитагина адоқсиз нарса бор: олам ва нодонлик.
Лекин олам борасида ишончим комил эмас.

Альберт ЭЙНШТЕЙН

Салом, тақвим!
Аслида ўтиб кетган воқелик ҳақида ёзадиган одатим йўқ. Лекин баъзан ўтган-кетганнинг моҳияти тузукроқ сабоқ чиқаришга асос туғдиради. Хуллас, ҳар куни эрталаб ишга келганимда столим устида турадиган энли, бежирим муқовалли варақлама тақвимга қараб қўяман.
Ўзимга савол бераман: “Балки бугундан тақвим юритишни бошларман?..” Ички муқовасига “Режаларингиз рўёбга чиқсин!” дея ёзилган бу тақвимнинг жўнгина, қитмиргина тарихини ўйлаб, яна ёзиш-чизишдан, қайднома юритишдан воз кечаман. Эртасига боз шу ҳол. Ишқилиб, бир қўшиққа ўхшатиброқ айтганда: “ҳар саҳарда шу бўлар такро-оо-о-р...
Аммо бугун тақвимга кўзим тушиб, росмана жаҳлим чиқди. Бу воқеани ёки ёзиб-чизиб, қалбимдан чиқариб ташлайман, ёки бўлмаса, ёзолмаслигимни тан олиб, қаламни синдираман (бу гапни П.Аламдерга дахли йўқ) дедим...

Бу воқеа МММ да бўлган эди...

Тушунмадингизми? “МММ” бизнинг мажлисхонамиз, ютуқлар ва зафарлар минбаргоҳи, ўжар саволларни айланиб ўтиш санъати бўйича мастер класс кўрсатиладиган маскан турур. “Миллий матбуот маркази” десангиз ҳам бўлади, аммо биз қисқартмаларни севамиз; қисиб-қисиниб гапиришни қойиллатамиз...
Мутлақо тасодиф туфайли МММ даги мажлисга кирдим. Ўша томондан ўтиб кетаётган эдим. Йўл бўйида журналист жўраларим тўпланиб туришган экан. Кўришдик, чекишдик, кулишдик. Одатда бундай айёмларда касбий кулгулар туғилади. Ажабланманг! Агар сиз ҳам журналист бўлсангиз ва ҳар куни МММга қатнасангиз, бунда шоён бўлмиш янгиликларга қулоқ берсангиз, кейинги гал даврадошлар яна шунга жам бўлганда, “бу сафар қандай ривоят эшитаркинмиз”, “кофе брейк билан алдашадими-йўқми”, “блокнотлар ёмғири бўлармикин” дегандай “касбий кулгулар”, ним ва ярим табассумлар, заҳархандаю шакархандалар келаверади-келаверади... О, ҳаёт, нақадар жозибсан, ажибсан деворасиз ошқозоннинг энг инжа торларини чертиб...
Хуллас, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК нинг уч ойлик ҳисоботига бағишланган матбуот анжумани. 2015 йил, апрел. Одатдагидек тўрда ДАК раҳбари йўқ, йиғинни Шерзод (фамилия ёдимдан кўтарибди)  исмли ўринбосармиди, ишқилиб, мутасадди раҳбарлардан эди – ўша киши олиб борди.

Ўзи МММга нега киргандим?
Сал олдинроқ газетада чиптафурушлар ҳақида мақолам чоп этилган эди. Ҳасан Саломов билан ҳаммуаллифликда ёзилган ушбу мақола эълон қилингач, темир йўл компаниясининг матбуот котибидан жиндек эътироз бўлди. Агарам чипта керак бўлса, мухбирлар менга мурожаат қилса бўлар эди-ку... Шундай-шундай... Биз нодонларнинг муддаомиз чипта эмас, чиптафурушликни фош қилиш эканини айтилди – совуққина суҳбатлашдик.
Орадан жичча вақт ўтди.
Мен хизмат қилаётган нашрда Ангрен-Поп электрлашган темир йўл қурилишига доир чиқиш қилиш режалаштирилди. Қурилиш майдонларига бориб, йўлсозлар билан кўришмоқни, манзилли мақола ёзмоқни ният қилдим. Бордим, мақола ёздим, “Замонамиз Фарҳодлари” эълон қилинди. Аммо қандай йўсинда?
Аввало махсус рухсатномам йўқлиги туфайли қурилишнинг қайноқ нуқталарига мени йўлатишмади. Борига барака дедим. ялиниб-ёлвориб бир ишчини суҳбатлашишга кўндирдим. Аммо барибир фактларим кам эди. Қурилиш территорияси, ишнинг умумий бориши ҳақида тузукроқ маълумотим йўқ эди. Журналистга компания вакили томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмади. Йўлнома тарзида ёзилган ушбу мақолам нашрга тушиши олдидан матбуот котибидан фактлар сўрадим. Ва лекин Мирза Муротов (ДАК матбуот котиби) рад жавобини берди. Орадан икки кун ўтиб, “Халқ сўзи”да унинг каттагина мақоласи эълон қилинди. Мақолада Ангрен-Поп электрлашган темир йўл қурилишининг бориши ҳақида информациялар, рақамлар расамади билан, мўл-кўл келтирилган эди. Шундай қилиб, барча нашрлар ушбу рақамларни қайтарди. Мен ҳам мақоламда ўша фактлардан фойдаландим – орада тайёр мақола кечикди, икки ҳафта кутдик. Мирза акамнинг мақолалари чиқса, шундан фойдаланамиз дедим. Масаланинг умуман ўзбек матбуотига доир ачинарли қисми шуки, то Мирза ака ўзи аниқлаган, билган янгиликни биринчи бўлиб айтиб олмагунча, Ўзбекистондаги ҳеч бир ОАВга факт бермади! Куларсиз, лекин бу – факт! Аммо биз ўқиган китобларда ёзиладики, биринчи бўлиш, очко олишга интилиш матбуот хизматининг вазифаси эмас, у хабарни ушлаб турмай, яшин тезлигида тарқатиши керак. Амалда эса...
Хуллас, шундай дилгир ўйлар билан юрган кунларимда МММ да темир йўлларнинг уч ойлик ҳисоботи бўлаётгани устидан чиқаман-у, қатнашмай ўтаманми? Иҳм-иҳм, кечирасиз...  

Айб “Синхуа”дами?
Матбуот анжуманининг дастурлар ва ижроларга бағишланган узундан-узун, қайтариқ бисёр бўлган қисми якунланди. Ана энди бу рақамларнинг моҳияти ҳақида суҳбат бошланди. Одатда бу суҳбатни журналистлар қиздиради. Матбуот анжумани ўтказадиган ташкилотнинг савт-салобати, нуфузи – савол-жавоблар қисмига таъсир кўрсатади. Масалан, Олий таълим вазири матбуот анжуманига келмайди, ўринбосари келади, унга юрак ютиб савол бериш қийин, қайсидир поғонада, кимлардир орқали шохингни қайириб қўйиши мумкин. Айтайлик, Халқ таълими вазирлигининг матбуот анжумани фикрлар жанги билан ўтади. Маза! Вазир қатнашади денг! Саволлардан қочмай жавоб беради; жуда очиқ ва жуда эҳтиёткор ҳам эмас. Олтин ўрталиқда гапиради.
Темир йўллар-чи?
Қаҳрамонимиз келмади. Шерзод ака раислигида мажлис ўтказилди. Савол-жавоблар бошланди. Нега ажойибсиз, нимага зўрсиз, дегандай риторикалардан кейин журъат топиб айтиш мумкин бўлган гапларга навбат тегди.
Мен тадбир якунида бир мавзудаги саволларимни бердим.“Нега Ангрен-Поп темир йўли ҳақидаги янгиликларни биз Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлигидан билишимиз керак? Ёки “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК пудратчи томонга ахборотни тасарруф этиш ҳуқуқини ҳам берганми? Балки бу ҳуқуқ “Синхуа”га сотилгандир? Сотилган бўлса қанчага сотилган, билайлик, айтинглар? Қурилишнинг бориши ҳақидаги суратлар ва мақолалар бизнинг каналлар орқали эмас, Хитой каналлари орқали тарқалишини қандай изоҳлайсиз?..”
Медиатур бўлармиш...
Мажлисга раислик қилувчи саволларга жавоб бера олмади. У журналист эмас-да, шу боис, масаланинг моҳиятини унча тушунмади, назаримда. Савол матбуот котибига тегишли эканини айтганимда, М.Муротов ўрнидан туриб, бир нималар дедики, ҳозир ёдимда йўқ, ишонтириб айтаман, тақсиримнинг гаплари жавоб эмас, мужмаллик ва олиб қочиш санъатининг чўққисидан туриб айтилган фикрлар мажмуи эди...
Мен ўрнимдан туриб, саволни қайтардим. Жавоб талаб қилдим. Журналистлар ҳам қўшилиб, гапимни тасдиқлаб туришди. Ғала-ғовур кўтарилди. М.Муротов яқин бир ой ичида “медиатур” ўтказишга ва ўша медиатурга шахсан ўзи мени таклиф қилишга ваъда берди. Ана ўшанда, деди ғолибона, қурилишни ўз кўзларингиз билан кўрасиз...
Медиатур бўлганми-йўқми билолмадик. Ҳалигача матбуот учун жонли-жўяли очерк ёзилгани йўқ, Фақат “Ахборот”дан бир киши вақти-вақти билан қурилиш участкасига боради, икки минутлик лавҳа тайёрланади. Лавҳа тайёрланишидан аввалроқ эса “ХС” да ёки “Темирйўлчи” газетасида М.Муротовнинг янги фактларга таянган мақоласи, йўқ, шедеври босилади...
Майли. Буни ўқиб, Мирза ака мендан ҳафа бўлар, ранжир ҳам. Лекин Шундай улкан қурилиш кетаётганда журналистларнинг оғзига талқон солиб қўйиш... яхшими?

Журналистика ва ҳақиқат
Айтгандай, қайси бир куни медиатур ҳақида қўққисдан эшитиб қолдим. Ва ниҳоят! Орадан олти ойлар ўтгач...
Мирза Муротовга телефон қилиб, ваъдасини эслатдим. Жавобни кўринг, жавобни: “Машина топа олсангиз, бемалол ортимиздан бораверинг, эрталаб жўнаймиз. Биз асосан телевидениедан икки кишини олиб кетаяпмиз”. Бу қандай гап? Қачонден бери матбуотни менсимай қўйишди?
Аслида нашрларнинг молиявий имкони чегаралангани учун ҳам вазирлик ва идоралар медиатур ташкил қилиб беради, жойларга чиқишимизга шароит туғдиради. Ўша йиғилишда ҳам журналистлар шундан гап очган, темир йўл мутасаддиси буни бўйнига олган эди. Лекин на ваъда бажарилди...
Аммо ҳанузгача қурилишнинг бориши, қурувчиларнигн аҳволи ҳақида тузукроқ чиқиш бўлмаётир, фақат ҳар-ҳар замонда жаранглайдиган рақамлар симфониясини инобатга олмаганда... Муаллифини биласиз, айтмай қўяқолай... Бу ҳудди футболда ҳужумчининг қулай вазиятда турган шеригидан тўпни қизғонишига ўхшайди. Кулгили, лекин бор гап.
Одамларда таҳлика ва саросима кайфиятини уйғотмаслик учун баъзи салбий жиҳатларни ёзмаймиз, айтмаймиз. Бу – тушунарли. Энг муҳими, умумий кайфият, халқнинг ҳотиржамлиги.
Лекин бунақа аср қурилишларини, улкан лойиҳаларни элдан, журналистлардан яшириб ўтиришдан кимга наф? Бунақа қилиқлар одамни ғазабини қўзғайди, холос. Халқни руҳлантирадиган, улуғ ишга дохиллик ҳиссини уйғотадиган жонли мақолаларнинг, эссе ва очеркларнинг ўрни билинади барибир...
Бир пайтлар Байкал-Амур магистрали қурилганда ёзувчи ва шоирлар сафарбар этилган, ишларнинг бориши ҳақида кунда-кунора эҳтиросли, ҳаяжонга тўлиқ мақола ва суҳбатлар бериб борилган. Нега энди биз бундай қилолмаймиз? Мирзалар туфайлими?
Илтимос, шундай ҳақиқатларни, катта гапларни баралла айтиш имкониятидан жудо қилманг!
Хайр, тақвим!
Охирида, кун адоғида яна тақвимга қарайман. Столни йиғиштириб бўлгач, мен томон бақрайиб қараб турган тақвим назаримга илҳақ тургандек туюлади.
Аммо бугун бари бошқача бўлиши керак. Мен гапимни айтдим, қалбимни кемираётган иллат ҳақида сўзлай олишга куч топдим. Энди тақвимдан воз кечсам бўлар. Учи тугилган дастрўмолдек гўё бир эслатма каби турган бу матоҳнинг энди кераги йўқ. Блокноту тақвим тарқатиладиган ўша йиғилишни ортиқ эслашни истамайман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий