"Тошкент" халқаро
аэропортидан репортаж.
"Тошкент ҳақиқати" газетаси 24 август.
"Тошкент ҳақиқати" газетаси 24 август.
"Рио – 2016"дан Ватанимизга 4 олтин, 2 кумуш,
7 бронза медаль билан қайтган спортчиларимиз
...23 август, соат 20:00.
"Тошкент" халқаро аэропорти. Минглаб ватандошларимиз Бразилияда бўлиб
ўтган Олимпиада баҳсларида муваффақиятли иштирок этган спортчиларимизни кутиб
олиш учун тўпланган. Ҳамманинг кўзида қувонч ва шодлик, фахр-ифтихор ҳисси балқийди.
Айниқса, чемпионларнинг ота-оналари, яқинларининг ҳаяжонини англаш, ҳис қилиш қийин
эмас. Ҳар нафасда бу ерга жам бўлган минглаб ватандошларимизнинг олқишлари,
"Ўзбекистон, Ўзбекистон!" деган оташин ҳайқириқлари янграйди.
Тантанали кутиб олиш
маросимида давлат ва жамоат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари, эл севган
санъаткорлар, ёшлар, спортчиларнинг ота-оналари, оила аъзолари ва яқинлари жам
бўлишган. Бугун юртнинг музаффар спортчилари сафида бўлган вилоятимиз вакиллари
– Олимпиаданинг олтин ва бронза медаллари совриндорлари Фазлиддин Ғойибназаров
ва Элмурод Тасмуродовнинг оила аъзолари ҳам қўлларида гулдаста билан
дилбандларини қарши олгани чиқишган. Чор-атроф анвойи гулларга бурканган,
ранг-баранг чироқлар қалбларга нақшланган, бугун ҳар бир юртдошимизнинг юрак
нидосига айланган сўзларни ёритиб турибди: "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас
Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!"
Рио-де-Жанейро
(Бразилия)да 5-21 август кунлари бутун дунё аҳлини ҳаяжону ҳайратга солган
спорт байрами поёнига етди. Унда 206 мамлакат вакиллари спортнинг 33 тури бўйича
беллашди. XXXI ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари тўртта олтин,
иккита кумуш ва еттита бронза медалига сазовор бўлдилар. Хусусан, мазкур тўрт
йилликнинг нуфузли мусобақасида истеъдодли чарм қўлқоп усталаримиз Ҳасанбой Дўсматов
(49 кг ),
Шаҳобиддин Зоиров (52 кг ),
Фазлиддин Ғойибназаров (64 кг ),
оғир атлетикачимиз Руслан Нурудинов (105 кг ) олтин, Шаҳрам ўиёсов (69 кг ), Бектемир Мелиқўзиев (75 кг ) кумуш, дзюдочиларимиз
Диёрбек Ўрозбоев (60 кг ),
Ришод Собиров (66 кг ),
юнон-рум курашчимиз Элмурод Тасмуродов (59 кг ), боксчиларимиз Рустам Тўлаганов (91 кг ), Муроджон Аҳмадалиев (56 кг ), эркин курашчиларимиз
Ихтиёр Наврўзов (65 кг ),
Магомед Ибрагимов (97 кг )
бронза медалини қўлга киритиб, Ватанимиз шаъну шавкатини кўкларга кўтардилар.
Олимпия чемпиони, полвонимиз Руслан Нурудиновнинг оғир атлетика бўйича Олимпиада
рекордини янгилагани кўксимизни янада фахр ва ифтихорга тўлдирди.
...
Соат 21.30. Олимпиада қаҳрамонлари ёруғ юз билан йиғилганларга пешвоз чиқа
бошладилар. Ҳар бир спортчининг эл-юрт олдига мардонавор чиқиб келиши гулдурос,
давомли қарсаклар ва "Яшасин, Ўзбекистон!" деган садолар билан кутиб
олинди.
Тантанали
маросимда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев,
Ўзбекистон халқ артистлари Э. Комилов, О. Назарбеков, Зулфия номидаги Давлат
мукофоти совриндори, таэквондо бўйича Жаҳон чемпиони Д. Холжигитова, Олимпиада
чемпиони Ҳ. Дўсматовнинг онаси Д. Ҳайитбоевалар Президентимиз раҳнамолигида ёш
авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам
шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг
шароитлар ва уларнинг самараларини мамнуният билан таъкидладилар. Музаффар
спортчиларимиз номидан сўзга чиққан чемпионларимиз эса мамлакатимизда ёшлар
камолотига, хусусан, спортга берилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун
Президентимизга самимий ташаккур билдиришди.
Дарҳақиқат,
эътибор ва ғамхўрлик самараларини Олимпия ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва қитъа
чемпионатларида муносиб қатнашиб, юксак ғалабаларни қўлга киритаётган
спортчиларимиз тимсолида кўриб, билиб турибмиз.
Мисолларга
эътибор қаратайлик. 1996 йилда АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларида
бир кумуш, бир бронза медали билан кифояланган эдик. Орадан тўрт йил ўтиб,
Сидней Олимпиадасида спортчиларимиз бир олтин, бир кумуш ва икки бронза
медалига сазовор бўлишди. 2004 йилги Афина Олимпиадасида ҳамюртларимиз икки
олтин, бир кумуш ва икки бронза медали билан тақдирландилар. Пекинда ўтказилган
2008 йилги ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари бир олтин, икки кумуш
ва уч бронза медалини қўлга киритишди. Бундан тўрт йил муқаддам Лондонда ўтказилган
Олимпиадада вакилларимиз бир олтин ва икки бронза медали билан қайтишганди.
Бу
гал Рио-де-Жанейро Олимпиадасида эса спортчиларимиз жами 13 медални қўлга
киритиб, 207 мамлакат спортчилари орасида 21-ўринни эгаллашди. Ҳамюртларимиз
эришган натижа МДҲ мамлакатлари ўртасида иккинчи, Осиёда эса Хитой, Япония ва
Жанубий Корея вакилларидан сўнг тўртинчи, Марказий Осиё давлатлари орасида эса
энг юқори натижадир.
Бекобод. 22 август. Ф.Ғойибназаров улғайган хонадон. Оила аъзолари беқиёс ғалабадан сармаст, музаффар ўғлонни кутишмоқда |
–
Мен ўз фарзандларини бундай юксак эътибор билан кутиб олаётган Ватаним
борлигидан ғурурланаман, – дейди Олимпиада ўйинларининг олтин медали соҳиби
Фазлиддин Ғойибназаров. – Биз мана шу дақиқалар учун курашдик, сизларнинг
олдингизда, Президентимизнинг олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун ғалабаларга ташна
бўлдик.
Фазлиддин,
кечагина барчани ҳаяжонга солган ўктам ўғлон мардонавор сўзлар экан, барчанинг
нигоҳи унга қадалди, фарзандини узоқ вақт интиқиб кутган онаизор эса қувонч
ёшларини яшира олмади. Юзлаб теле ва фото камералар айни ҳолатни, шу лаҳзаларни
муҳрлашга шошади.
Тантанали
маросим чоғида санъаткорлардан бири топиб-билиб шундай лутф қилдики, беихтиёр
айни фикрга қўшиласан киши: "Санъаткорларнинг мухлиси кўп бўлади. Ўзини
"юлдуз" санайдигани қанча. Аммо мана ҳозир, шу лаҳзада даврамизнинг
юлдузлари асл ўғил-қизларни вояга етказган ота-оналар бўлишади. Сизлар ва
фарзандларингиз буюк Ўзбекистонимизнинг чинакам юлдузларидирсиз!".
Кеча
сўнгида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков жўшиб куйлади, қўшиқнинг
"Хизматингда турмасам сени, болам дема, Ватаним мени" дея айтилгувчи
нақоратига Олимпиада чемпионлари, спортчилар, уларнинг яқинлари жўр бўлишди.
Тантанали
маросимда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.
* * *
...
Тунги Тошкент. Ўз фарзандларини қутлаётган обод, фусункор, муаззам шаҳрим, ғалабалар
муборак!
Тантанали
маросим якунига етгач, Олимпиада иштирокчилари ва уларнинг яқинлари жам бўлган
автобуслар карвони Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биносига қараб йўл олди.
Бу карвон шаҳримиз кўчалари бўйлаб ўтиб бораркан, қалб амри ва ватанпарварлик ҳисси
туфайли кўчаларни тўлдириб турган минглаб юртдошларимиз чемпионларга, уларнинг
ота-онасига эҳтиром билан қўл силкиб, эзгу тилакларини йўллайди. Айни манзара
фарзанди туфайли шундай эҳтиромга сазовор бўлиб турган ота-оналарни қанчалар ҳаяжонга
солаётганини бир кўрсангиз эди...
Зотан,
ўз Ватани, халқи номини сарбаланд қилган ўғлонларини эл-юрт ана шундай эҳтиром
билан кутиб олади.
Ангрен. 2016 йил. Февраль. "Ҳали тоғларни талқон қилгайсен..." |
"Саҳна айланади, Баҳодир..." (Усмон Азимнинг машҳур шеъридан) |
...
Спортчилар, уларнинг оила аъзолари жам бўлган автобуслар карвони Ўзбекистон
Олимпия қўмитаси биносига яқинлашади.
Кейинги
йилларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси фаолиятини замон талаблари
даражасида такомиллаштириш учун қатор ташкилий ишлар амалга оширилди. Янги бошқарма
ва бўлимлар ташкил этилди. Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва
вилоятларда қўмитанинг ҳудудий вакилликлари фаолияти йўлга қўйилди. Жойларда
спорт тадбирларини кенг миқёсда ўтказиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш уларнинг
муҳим вазифаси этиб белгиланди.
Пойтахтимизда
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон
спортчиларини замонавий тиббий хизмат ва спорт психологияси билан таъминлаш бўйича
ихтисослаштирилган марказ иш бошлади.
Яна
бир гап. Рио-де-Жанейро Олимпиадаси бутун дунё кўз ўнгида, ўзбек бокси тарихида
янги ва нурли саҳифа очганлиги билан аҳамиятли бўлди. Мусобақаларда эркаклар ўртасида
рингга чиққан ўн нафар боксчимиздан етти нафари шоҳсупага кўтарилди. Шиддатли
ва муросасиз кечган жангларда ҳамюртларимизнинг Куба, Россия, АҚШ, Колумбия,
Қозоғистон сингари давлатларнинг номдор спортчиларини мағлубиятга
учратганлигини дунё бокс мутахассислари ҳали узоқ йиллар эслаб, муҳокама қилиб
юришлари аниқ.
...
Соат 24.00. Янги кун бошланди. Бироқ, Тошкент ва тошкентликлар уйғоқ. Шодиёна,
тантана овози то тонггача тинмади-ёв. Зотан, ҳақиқий байрам мана энди бошланди!
* * * *
(Мақола ёзилгандан кейинги ўйлар.) Хуллас, тун яримдан оққанда ишхонага қайтиб, ҳозир ўқиганингиз мақолани ёздим. Мақола бугун газетада нашр этилди. Ҳаммаси жойида, бу одатий ҳол. Касбимиз шунақа. Аммо яна бир мавзу ҳақида сўз айтмасам, камлиқ қиладигандек. Кейинги пайтларда жамиятда журналистларнинг ўрнини нохолис баҳолайдиган қалби сўқирлар пайдо бўлди. Агар кеча кимки ўша тантанали маросимни кўрган-кузатган бўлса, азамат журналистларимиз қанчалар тер тўкишларини ўз қўзи билан сал бўлса-да, билган-кўргандир. Спортчиларимизни гир айланиб расмга олаётган сураткашлар, камерасини қўлтиқлаб мақбул ракурсга аввалроқ ўрнашиб олиш тараддисидаги операторлар, камтар, сўзга унчалик чечан бўлмаган респондентлардан кўнгилдаги гапни "суғуриб" олишга тиришаётган журналистлар... Ва тасаввур қилингки, шундай пайтда уйида хотиржам ухлаётган, аммо сал олдинроқ ва ёки кейинроқ "Яшасин!", "Ура" қабилидаги гапларни, бошқа жаҳон сайтларидан кўчирилган маълумотлар қоришиқ эга-кесимсиз жумлаларини қориштириб ташлаётган "мухбир"лар... Савол туғилади: ким аслида журналист? Гапни чуқурлаштирмасдан, ўша қавмни билиб-билмай реклама қилишдан тийиламиз. Ва кеча ишлаган, тунни тонга улаган ҳамкасбларимизга, сизлар учун ишлаётган одамларга бўлаётган турфа муносабатларни теран салмоқлаб кўришга чорлаймиз.
Гали келган экан, кечаги улуғ тадбирда қатнашган, медаль олгандек суюнаётган айрим ҳамкасбларимизни суратларини ҳавола қиламиз. Атайлаб спортчиларнинг исм фамилиясини келтириб ўтирмаймиз. Зеро сиз уларни аллақачон танийсиз.
Мансур Нахалов. "Тошкент ҳақиқати" газетаси фотомухбири. |
ЎзА мухбири, спорт журналисти Байрам Айтмуродов. |
"Тошкент" каналидан Отабек Муҳаммадий, "Ўзбекистон овози"дан Темур Аъзам билан биргамиз. Суратга олган эса дўстимиз Фаррух Алиев. |
Men "Toshkent" kanalida ishlayman :(
ОтветитьУдалитьУзр, ҳозир тўғирлаб қўяман...
УдалитьЭтот комментарий был удален автором.
ОтветитьУдалить